Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Фарғона вилояти ҳокимлиги томонидан “Очиқ, шаффоф ва ҳисобдор ҳудуд” лойиҳасини амалга ошириш бўйича 2022-2023 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси” тасдиқланди.
Хабарингиз бор, жорий йилнинг февраль ойида Фарғона шаҳрида вилоят ва Агентлик раҳбарияти иштирокида давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини таъминлаш бўйича ишларни янада такомиллаштиришга бағишланган учрашув бўлиб ўтган эди.
Унда Фарғона вилоятида “Очиқ, шаффоф ва ҳисобдор ҳудуд” лойиҳасини амалга оширишга келишиб олиниб, режалаштирилган дастлабки чора-тадбирлар маҳаллий депутатлар, ОАВ вакиллари иштирокида очиқ муҳокама қилинди.
Натижада, масъуллар томонидан Фарғона вилоятида очиқликка оид қонунчилик ҳужжатларига риоя этилиши, маҳаллий ҳокимликлар ва вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бошқармаларининг жамоатчилик олдида шаффоф ва ҳисобдор бўлишига қаратилган “Йўл харитаси” лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Шунингдек, ҳужжат лойиҳаси вилоят ҳокимлигининг расмий веб-сайтида жамоатчилик муҳокмаси учун жойлаштирилиб, фуқаролар томонидан билдирилган фикр ва таклифлар асосида янада такомиллаштирилди.
Эндиликда, тасдиқланган “Йўл харитаси”га мувофиқ, Фарғона вилоятида Агентлик, маҳаллий депутатлар томонидан фаолият очиқлигини таъминлаш соҳасида амалга оширилган ишлар юзасидан жамоатчилик эшитувлари, фуқаролар ўртасида давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини очиқлигини баҳолашга қаратилган жамоатчилик фикри сўровлари ўтказилади.
Бундан ташқари, халқ депутатлари вилоят Кенгашида ташкил этилган Ахборот сиёсати ва маҳаллий давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари бўйича доимий комиссияси томонидан вилоят, туман (шаҳар) ҳокимликларида ҳамда вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бошқармаларида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини ва уларнинг фаолияти очиқлигини доимий баҳолаб бориш вазифалари белгиланган.
Мисол учун, вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари сессияларини Интернет тармоғи ва маҳаллий телеканаллар орқали жонли эфирга узатилиши устидан доимий назорат ўрнатиш, вилоят ҳокимлиги расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларини очиқликка оид қонунчилик ҳужжатлари талаблари асосида такомиллаштириш, синов тариқасида туман (шаҳар) ҳокимлигида “Очиқ ва шаффоф ҳокимият” лойиҳасини амалга ошириш вазифалари ҳам шулар жумласидандир.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати