Жорий йилнинг 11 май куни Тошкент вилоят Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбарияти, Миллий кенгаш аъзолари, мутасадди вазирлик ва идоралар вакиллари ҳамда Ҳудудий кенгаш аъзолари иштирок этди.
Йиғилишда Кадастр агентлиги ва унинг қуйи ташкилотларида учраётган коррупциявий жиноятлар таҳлили, шунингдек, ушбу тизимда коррупциянинг олдини олиш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан масъулларнинг ахбороти эшитилди.
Қайд этилишича, ўтган давр мобайнида кадастр тизимини янада шаффофлаштириш, рақамлаштириш, бюрократиядан холи қилиш, кадрларни ўқитиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилганига қарамай, Тошкент вилоятида ушбу йўналишда содир этилган жиноятларнинг салмоғи ҳамон юқорилигича қолмоқда. Жумладан, 2022 йилнинг I-чораги давомида 4 та жиноят иши бўйича 15 нафар шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, судларга юборилган. Ушбу жиноятларнинг асосий қисми ер ажратиб бериш билан боғлиқ ҳолатларда юзага келмоқда.
Эшитувда шу ва шу каби қонунбузилиш ҳолатларининг келиб чиқиш сабаблари ва уларни бартараф этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Муҳокамалар жараёнида Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашининг фаолияти ҳам танқидий таҳлил қилинди.
Агентлик томонидан ҳар ойда вилоятлар миқёсида жиноятчилик статистикаси, бюджет маблағларининг талон-торож қилиниши, аҳоли мурожаатлари ва ижтимоий тармоқлардаги чиқишлар каби маълумотлар умумлаштирилган ҳолда ҳудудлар ва соҳалар кесимида коррупция даражасини рейтинг баҳолаш ишлари амалга ошириб келинмоқда. Йиғилишда шу ҳақда сўз юритилар экан, ушбу йўналишларда ҳам вилоятнинг аксарият кўрсаткичлари қониқарли эмаслиги қайд этилди.
Хусусан, биргина 2022 йилнинг охирги уч ойи (февраль-апрель) давомида вилоятда 117 та коррупциявий жиноят содир этилгани, 69 та назорат объектида 17,6 млрд сўмлик молиявий қонунбузилиши ҳолатлари аниқлангани таъкидланди.
Мулоқотлар давомида кенгаш фаолиятида мониторинг ва назорат тадбирларини ўтказиш, эшитувлар ташкил этиш каби инструментлардан самарали фойдаланиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, коррупциянинг олдини олишга қаратилган барча норматив ҳужжатлар, дастурлар, белгиланган вазифаларнинг ижросини самарали ва ўз вақтида таъминлаш юзасидан ўзаро фикр алмашилди.
Эшитув якунида Кенгаш аъзолари масъулиятини ошириш бўйича аниқ чоралар кўриш, шунингдек, кадастр тизимини такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилиб, асосий вазифалар белгилаб олинди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати