Жорий йилнинг 12 май куни мамлакатимизга Малайзия делегацияси ташриф буюрди.Ташрифнинг асосий мақсади коррупцияга қарши курашиш соҳасида ўзаро тажриба алмашиш ҳамда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат.
Ташриф доирасида Коррупцияга қарши курашиш агентлигида учрашув ўтказилди.
Мулоқотлар давомида томонлар ҳар икки давлатнинг коррупцияга қарши курашиш сиёсатидаги тенденциялар юзасидан маълумот алмашдилар. Хусусан, Агентлик томонидан 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва уни амалга оширишга оид давлат дастури, қолаверса, бу борада қабул қилинган сўнгги меъёрий ҳужжатлар билан таништириб ўтилди.
Акмал Бурханов,
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори:
— Ўзбекистон БМТнинг Халқаро коррупцияга қарши конвенциянинг тўлақонли аъзоси сифатида коррупцияга қарши кураш бўйича давлат сиёсати даражасида муҳим ислоҳотларни амалга оширишни бошлаб юборди. Коррупцияга қарши курашишга масъул алоҳида тузилма ташкил этилганининг ўзиёқ мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш ҳақиқатан ҳам жиддий тус олганлигини исботлайди.
Энг муҳими, сўнгги уч йилда коррупциянинг олдини олиш ва уни батараф этишга қаратилган янгиланиш ва ўзгаришлар самарасида бир қатор ижобий натижаларга эришилди. Хусусан, Ўзбекистоннинг коррупцияга қарши курашиш соҳасида халқаро рейтинглардаги ўрни сезиларли даражада яхшиланди.
Лекин амалга оширилиши лозим бўлган мақсад ва вазифалар ҳали жуда кўп, албатта. Айниқса, соҳадаги халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш зарур ва бунда бизга ижобий натижа кўрсата олган халқаро амалиёт ҳар томонлама муҳим.
Бу борада Малайзия узоқ йиллик бой ва самарали тажриба эга эканлиги яхши маълум. Шу боис Малайзия Коррупцияга қарши курашиш комиссияси билан ўзаро яқин ҳамкорлик биз учун алоҳида аҳамиятга эга.
Ўз навбатида, малайзиялик ҳамкасблар ўз мамлакатларида коррупцияга қарши курашиш бўйича кўрилаётган чоралар, жумладан, бу борадаги миллий тажриба ва унинг ютуқлари ҳақидаги маълумотлар билан ўртоқлашдилар.
Тан Cри Азам бин Баки, Малайзия Коррупцияга қарши курашиш комиссияси бош комиссари (делегация раҳбари):
— Биз бу учрашувни бир йилдан буён кутаётган эдик. Хусусан, ўтган йилнинг октябрь ойидан бошлаб Агентлик вакиллари билан бир неча бор музокаралар олиб бордик ва унда Агентлик билан тажриба алмашиш, унинг фаолиятига фаол кўмаклашишга тайёр эканимизни билдирдик. Ушбу ташрифимиз узоқ давом этадиган ҳамкорлигимизнинг дебочасидир.
Бугун идоралараро Меморандум имзолаганимиз эса нафақат идораларимиз фаолиятида, балки Ўзбекистон ва Малайзия тарихида муҳим воқеа бўлиб қолади, деб ўйлайман.
Биз Агентлик билан ҳар томонлама манфаатли муносабатларни йўлга қўйишга тайёрмиз. Хусусан, тажриба алмашиш, ўзаро фаолиятни такомиллаштириш, кадрлар тайёрлаш, ахборот алмашиш, техник кўмак кўрсатиш каби муҳим йўналишларда ҳамкорлик қилиш истагидамиз.
Жумладан, Малайзияда Коррупцияга қарши курашиш академияси мавжуд бўлиб, у ерда Агентлик билан биргаликда кадрларни тайёрлаш бўйича ўзаро ҳамкорлик қилмоқчимиз. Қолаверса, Ўзбекистонда ҳам ана шундай Академия ташкил этилишига техник кўмак кўрсатишни мақсад қилганмиз.
Ҳеч қайси давлат ёки давлат органи бир ўзи коррупцияга қарши курашда ютиб чиқолмайди, бизнинг биргаликдаги, ҳамкорликдаги ҳаракатларимиз шунинг учун ҳам муҳим ва долзарбдир.
Учрашувнинг асосий воқеаси икки томон ўртасида идоралараро Меморандумнинг имзолангани бўлди.
Мазкур меморандум касбий малака ошириш курсларини ташкил этиш, тажриба алмашиш ва кадрлар салоҳиятини ривожлантириш, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича маълумот ва профессионал материаллар алмашинувини йўлга қўйиш, қўшма форумлар, семинарлар, тренинглар ва конференциялар ўтказиш каби бир қатор муҳим йўналишларда ўзаро ҳамкорликни назарда тутади.
Шунингдек, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишда жамоатчилик иштирокини кучайтириш мақсадида аҳолини коррупцияга қарши ўқитиш, уларнинг оммавий ахборот воситалари ва ҳалолликни тарғиб қилувчи кампаниялар ҳақида хабардорлигини ошириш бўйича маълумот алмашиш йўлга қўйилади.
Давлат ва хусусий секторда самарали бошқарув бўйича техник маслаҳат бериш ёки кўмак кўрсатиш, шунингдек, коррупцияга қарши сиёсат ва стратегияларни ишлаб чиқишда ёрдам бериш масалалари ҳам меморандумнинг муҳим йўналишлари қаторидан жой олган.
Малайзия делегацияси вакиллари иштирокидаги тадбирлар жорий йилнинг 15 май санасига қадар давом этади. Расмий саҳифаларимиз орқали жараёнларнинг муҳим тафсилотлари билан таништириб борамиз.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати