Коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш борасидаги чора-тадбирларнинг ижобий натижасига фаол ҳисса қўшмоқда. Буни “Ўзкимёсаноат” АЖда мазкур янги тузилманинг жорий йил I-чораги давомидаги фаолияти сарҳисоби мисолида ҳам кўриш мумкин.
Хусусан, ўтган давр мобайнида АЖ ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамкорлигида коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олишга доир 10 дан ортиқ ички меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилди.
Акциядорлик жамияти ҳамда унинг тармоқ корхоналарида коррупцияга қарши курашиш соҳасида қабул қилинган “Манфаатлар тўқнашувини бошқариш сиёсати” талабларига мувофиқ тўлдирилган декларациялар таҳлил қилинганда 18 нафар масъул ходимда манфаатлар тўқнашуви ҳолати мавжудлиги маълум бўлди.
Жумладан,“Maxam-Chirchiq” АЖда 7 та, “Навоийазот” АЖда 5 та, “Фарғоназот” АЖда 4 та, “Деҳқонобод Калий Заводи” АЖда 1 та ҳолатда ўзаро яқин қариндошлар бевосита қўл остида ёки раҳбарлигида ишлаши аниқланган бўлиб, мазкур ҳолатларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.
Шу билан бирга, меҳнат муносабатларида қонунбузилиш ҳолатларини ўрганиш мақсадида ўтказилган жами 18 та хизмат суриштируви натижасида 6 нафар масъул ходимга ҳайфсан берилди, 4 нафарининг иш ҳақидан жарима ундирилди, 8 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди, 7 та ҳолат бўйича қонуний чора кўриш учун ҳуқуқ тартибот органларига юборилди.
Ҳисобот даврида тизим корхоналарида жами 1,6 млрд сўмлик товар моддий бойликлари камомади аниқланган бўлиб, ҳолатлар бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Эътиборга молик жиҳати шундаки, коррупцияга қарши курашиш соҳасида олиб борилган тушунтириш ишлари ва тадбирлар натижасида бир қатор коррупцион хавф-хатарларга нисбатан тегишли таъсир чоралари кўрилиши таъминланди.
Мисол учун, “Деҳқонобод Калий заводи” АЖда 0,5 Га ерни вақтинча фойдаланишга беришда манфаатлар тўқнашуви ҳамда “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонун талабларига зид бўлган битим тузилишининг олди олинди.
Бундан ташқари, тизим корхоналарида жами 584,3 млн сўмлик товар моддий бойликлари талон-торож қилинишининг олди олиниб, айбдор шахсларга ички тартиб-қоидалар асосида интизомий чоралар кўрилди.
“Максам Чирчиқ” АЖ ва “Ўзкимёимпэкс” МЧЖда харидларнинг очиқлиги ва шаффофлиги таъминланиши натижасида жами 974,0 млн сўм маблағ иқтисод қилинганлигини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз.
Бугунги кунда Ўзкимёсаноат”АЖ ва унинг тармоқ корхоналарида аниқланган коррупция ҳолатлари ҳақида хабар бериш учун “Антикоррупцион назорат” номли @uzkimyosanoatanticorbot “Телеграм-бот” канали ишга туширилган.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати