Жорий йилнинг 17 май куни Тошкент давлат Иқтисодиёт университетида "Коррупциясиз соҳа" мавзусида муҳокамалар бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари иштирок этди. Учрашувда республика олий таълим муассасаларида амалга оширилаётган “Коррупциясиз соҳа” лойиҳаси ижроси ҳақида сўз борди.
Хусусан, олий таълим муассасаларида коррупцияни келтириб чиқараётган омиллар, унга сабаб бўлаётган шарт-шароитлар, маблағлардан фойдаланиш ва давлат харидларини амалга оширишда қонунчиликка риоя этилиши Агентлик томонидан ўрганиб келинаётгани таъкидланди.
Учрашувда олий ўқув юртларида непотизм ҳолатларига йўл қўйилаётгани, жумладан, яқин қариндошларнинг бир жойда меҳнат қилаётгани, тюторларнинг аксарияти олий таълим муассасасидаги раҳбарлик лавозимларидаги шахсларнинг яқин қариндошлари (акаси, укаси ва ҳоказо) эканлиги ҳолатлари аниқлангани қайд этилди. Айрим олий таълим муассасаларида ходимларни ишга олишда таниш-билишчилик ва қариндош-уруғчиликка йўл қўйилаётганлиги, устама ва қўшимча ҳақларни белгилашда қариндошларга кўпроқ маблағ тўлашдек салбий ёндашув боис ижтимоий адолат мезонлари бузилаётганлиги тўғрисида Агентликка мурожаатлар келиб тушаётгани ва уларнинг сони бирмунча ошганлигига алоҳида урғу бериб ўтилди.
Учрашувда бу каби салбий ҳолатларни бартараф этиш, коррупция ва непотизмга йўл қўймаслик, тизимда холис, ҳаққоний, очиқ ва шаффоф механизм яратиш хусусида фикр алмашилди.
Шунингдек, талабалар ва олий ўқув юрти профессор ўқитувчиларига коррупция ҳолатларига йўл қўймаслик, шундай вазият юзага келганда қандай йўл тутиш бўйича зарур тавсиялар берилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати