Айни дақиқаларда Самарқанд шаҳрида "Инвестицион фаолиятда коррупция ҳолатларининг олдини олиш ва унга қарши курашиш" мавзусига бағишланган биринчи минтақавий семинар бўлиб ўтмоқда.
Тадбир БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси билан ҳамкорликда "Ипак йўли Иқтисодий Камари бўйлаб жойлашган давлатларда БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясини амалга оширилишини қўллаб-қувватлаш орқали барқарор ривожланишга кўмаклашиш"лойиҳаси доирасида ташкил этилди.
Маълумот учун: Ушбу лойиҳа инвестиция лойиҳаларида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича халқаро ҳамкорликни рағбатлантириш, хусусан, ахборот, илғор тажриба ва билимлар алмашинувини кучайтириш ҳамда тегишли давлатларнинг салоҳиятини мустаҳкамлаш учун коррупцияга қарши амалиётчи-экспертлар тармоғини яратиш ва қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Тармоқ 2021 йил 11-12 декабрь кунлари Шарм-Эл-Шайхда бўлиб ўтган БМТнинг Коррупцияга қарши Конвенциясига аъзо давлатлар конференциясининг тўққизинчи сессияси доирасида расман ишга туширилган эди.
Бугунги кунга қадар тармоққа Албания, Арманистон, Озарбайжон, Босния ва Герцеговина, Хитой, Грузия, Греция, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Монголия, Черногория, Сербия, Тожикистон, Туркия ва Ўзбекистон каби 16 та давлат қўшилган.
Семинар БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси кўмагида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда Бош прокуратура ҳамкорлигида ўтказилмоқда.
Мазкур нуфузли тадбирнинг асосий мақсади - экспертлар тармоғида иштирок этувчи мамлакатларда инвестиция фаолияти ва инвестиция сиёсати соҳасида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича амалий, асосланган ва истиқболли ёндашувларни муҳокама қилишдан иборат.
Семинар иши коррупциянинг олдини олиш, шунингдек, инвестицион лойиҳаларни тайёрлаш ва амалга оширишда коррупцион ҳуқуқбузарликларни текшириш (тергов қилиш) масалаларига қаратилган икки мавзуни ўз ичига олади.
Ҳар икки мавзу доирасида семинар иштирокчилари, хусусан, Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ давлатларидан келган вакиллар томонидан инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда коррупцияга қарши курашиш соҳасида ўз мамлакатлари тажрибасига бағишланган тақдимотлар ўтказилади.
Мулоқотлар гибрид форматда – онлайн ва офлайн шаклда бўлиб ўтмоқда.
Семинар уч кун мобайнида еттита сессиядан иборат таркибда ўтказилади. Муҳокамалар натижасига кўра амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилиши кутилмоқда.
Халқаро тадбир тафсилотлари расмий саҳифаларимиз орқали ёритиб борилади.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати