Самарқанд вилоятида коррупцияга қарши курашиш борасидаги ишлар қанчалик самарали амалга ошириляпти ва улардан аҳоли қай даражада хабардор? Вилоят Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашининг бугун бўлиб ўтган йиғилишида ушбу йўналишдаги ишлар қониқарли даражада эмаслиги ва бир қатор камчиликлар мавжудлиги таъкидланди. Таҳлиллар ва ўрганишлар натижаси ҳам шундан далолат бермоқда.
Статистик маълумотларга кўра, вилоятда 2020 йил давомида 176 нафар турли даражадаги мансабдор шахслар коррупцион жиноят содир этганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилган бўлса, 2021 йилда бу рақам 316 нафарни ташкил этган. Уларнинг 23 нафари вилоят, 293 нафари шаҳар ва туман даражасидаги давлат идораларининг мансабдор шахсларидир.
Мазкур йўналишда энг юқори кўрсаткич Самарқанд шаҳри (94), Самарқанд (35) ва Пайариқ (22) туманларига тўғри келади.
Вилоятда февраль ойида 22 та коррупциявий жиноят содир этилган бўлса, март ойида 27 та, апрель ойида эса яна кўпайиш тенденцияси давом этиб, 35 та (февраль ойига нисбатан карийб икки баробарга ошган) коррупцион жиноят содир этилган ва бу кўрсаткич билан вилоят апрель ойида энг кўп коррупциявий жиноят содир этилган 5 та ҳудуддан бири бўлган.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ҳар ойда вилоятлар миқёсидаги коррупциявий жиноятлар статистикаси, бюджет маблағларининг талон-торож қилиниши, аҳоли мурожаатлари ва ижтимоий тармоқлардаги чиқишлар каби маълумотлар умумлаштирилган ҳолда Ҳудудлар ва соҳалар кесимида коррупция даражасини рейтинг баҳолаш ишлари амалга ошириб келинмоқда. Ушбу йўналишларда ҳам, афсуски, Самарқанд вилоятининг аксарият кўрсаткичлари қониқарли аҳволда эмас.
Масалан, “Коррупция ҳолатларига дуч келганмисиз?” мавзусидаги сўровда “Ҳа” деб жавоб берган аҳолининг фоиз миқдори бўйича Самарқанд (24,4%) юқори кўрсаткичга эга учинчи ҳудуд саналади. Шунингдек, вилоят Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига аҳолиси коррупция бўйича энг кўп мурожаат қилган (ҳар мингта одамга ўртача 52 та мурожаат) бешта ҳудуднинг бири сифатида қайд этилган. Аниқроқ айтганда, бир ой ичида шундай мурожаатлар сони 1072 тани ташкил этган.
Апрель ойида ОАВ ва ижтимоий тармоқларда коррупциявий ҳуқуқбузарликлар содир этилаётганлик эҳтимоли бўйича эълон қилинган материаллар сонининг кўплиги бўйича ҳам вилоят “етакчи” тўртталикдан ўрин олган. Бундан ташқари, мазкур ой давомида 3,2 млрд сўмлик молиявий хато-камчиликлар аниқланган ва натижада вилоят бюджет маблағларидан мақсадсиз фойдаланиш билан боғлиқ ҳолатлар бўйича ҳам энг кўп қонунбузилиши аниқланган 5 талик сафида қайд этилган.
Хусусан, солиқ органлари тизимида содир этилган жиноятлар таҳлилига кўра, 2021 йилда вилоятда солиқ хизмати органларининг 10 нафар ходимига нисбатан 7 та жиноят иши судга юборилган. Жумладан, Жиноят кодексининг 167-, 168-моддалари билан 4 нафардан ва 205-моддаси билан 2 нафар тизим ходим жиноий жавобгарликка тортилган.
Шунингдек, иш фаолиятида йўл қўйган хато ва камчиликлари учун 2021 йилда вилоят давлат солиқ хизмати органларининг 194 нафар ходимига нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилган (шундан 120 нафарига ҳайфсан, 32 нафарига ўртача ойлик иш ҳақининг 20 фоизидан 50 фоизига қадар миқдорида жарима қўлланилган, 5 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилиб, 37 нафари тизимдан бўшатилган).
2022 йилнинг ўтган даврида эса вилоят давлат солиқ хизмати органларининг 39 нафар ходимига нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилган (шундан 23 нафарига ҳайфсан, 9 нафарига ўртача ойлик иш ҳақининг 20 фоизидан 50 фоизигача миқдорида жарима қўлланилган, 2 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилиб, 5 нафари тизимдан бўшатилган).
Вилоят ҳамда ҳудудий давлат солиқ инспекциялари ходимларининг ҳаракатлари юзасидан 2021 йилда биргина тадбиркорлик субъектлари томонидан қилинган мурожаатлар асосида жами 12 маротаба хизмат текширувлари ўтказилган. Ўтказилган хизмат текширувлари натижасига кўра, 4 нафар ходимга нисбатан ҳайфсан, 1 нафарига нисбатан ўртача ойлик иш ҳақининг 20 фоизи миқдорида жарима интизомий жазо чоралари қўлланилган, 1 нафар ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.
Йиғилишда солиқ базасини кенгайтириш, солиқларни ҳисоблаш ва ундириш, имтиёзларни қўллашда ҳам кўплаб қонунбузилиши ҳолатлари ва суиистеъмолчиликлар мавжудлиги ҳам таъкидланди.
Масалан, Оқдарё туман ДСИ Жисмоний шахсларга хизмат кўрсатиш бўлими ходимлари Содиқов, Расулов, Бердимуродов, Юсупов, Бекпулатов ва Абдурахмоновлар сохта маълумотнома тайёрлаб, ўзларига бириктирилган ҳудудларда яшовчи фуқаролардан 263 та ҳолатда 55,9 млн сўм пулни ер ва мулк солиғи сифатида қабул қилиб олиб, ушбу пул маблағларини белгиланган тартибда тижорат банкларига ёки ДСИ ғазнасига топширмасдан ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборганлиги аниқланиб, уларнинг жиноий жавобгарлик масаласи ҳал этилган.
Ўтган даврда мол-мулк солиғи бўйича 5,5 мингта объектнинг 3,4 млрд сўмлик, ер солиғи бўйича 4.9 мингта объектнинг 2.3 млрд сўмлик қўшимча манбалар солиқ базасига ҳисобланиши таъминланмаган.
Шу билан бирга, Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги вилоят бошқармаси тизими ходимлари томонидан ер сотиш билан боғлиқ коррупцион жиноятлар сони кескин ошган.
2021 йилда кадастр ходимларига нисбатан жами 8 та жиноят иши қўзғатилган, 14 нафар ходимга нисбатан жиноят ишлари айблов хулосаси билан тамомланиб, судларга юборилган.
Мисол учун, 2021 йилда ўтказилган хизмат текширувларида Нарпай тумани давлат солиқ инспекциясининг масъул ҳодимлари томонидан 429 та ҳолатда солиқ тўловчи жисмоний шахслардан ундирилган 85,3 млн сўмлик солиқ тўловларини нақд пул шаклида ундириб, уни ўз вақтида банк кассасига тушиши ҳамда фуқароларнинг маълумотлар базасидаги шахсий ҳисобварақларига киритилишини таъминламасдан фуқароларнинг ишончини суиистеъмол қилиб келинганлиги аниқланган. Мазкур қонунбузилиши ҳолатлари бартараф этилиб, 13 нафар ходимга нисбатан қонуний чоралар кўрилган.
2022 йилнинг 4 ойи давомида ходимларнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан хўжалик юритувчи субъектлар ҳамда фуқаролардан 19 та шикоят ариза келиб тушган. Ўтказилган ўрганишлар натижасига кўра, 3 та мурожаатда келтирилган ҳолатлар ўз тасдиғини топган, 12 та мурожаат бўйича тегишли чоралар кўрилиб, мурожаатчиларга тушунтиришлар берилган.
Жорий йилнинг 17 март куни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари иштирокида профилактик йиғилиш ўтказилиб, солиқ назорати бўлими, юридик ва жисмоний шахсларга хизмат кўрсатиш бўлимлари коррупцияга мойиллиги юқори соҳа деб топилган ҳамда бўлим ходимларидан белгиланган тартибда тилхат олинган.
Шу каби рақамлар билан солиқ тизими Самарқанд вилоятида энг кўп жиноят содир этилган йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда.
Шунингдек, вилоятда солиқ органлари фаолияти, таркибий тузилмалар, соҳалар ва бажарилаётган функцияларга хос ҳамда бошқа ички ва ташқи омилларга боғлиқ ҳолда коррупцион хавфни аниқлаш ва баҳолаш бўйича ишлар талаб даражасида амалга оширилмаган. Солиқ органлари ходимларнинг оила аъзолари билан Коррупцияга қарши курашиш борасида йиғилишлар талаб даражасида ташкил этилмаган.
Ходимларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари билан таништириш учун йилига камида бир маротаба коррупцияга қарши курашиш асослари бўйича малака ошириш курслари қўмита даражасида ташкил этилган бўлсада, вилоят бошқармасида бунга эътибор қаратилмаган. Ишга янги қабул қилинаётган ходимларга коррупцияга қарши курашиш юзасидан ички идоравий ҳужжжатлар талабларини таништириш учун мажбурий ўқув курслари йўлга қўйилмаган.
Коррупциянинг олдини олишда очиқликни таъминлаш энг асосий талаблардан бири ва бу давлатимиз раҳбарининг ҳар бир чиқишларида ва қабул қилинаётган норматив-ҳужжатларда ҳам қатъий белгилаб қўйилмоқда. Аммо, шунга қарамай, бугунги кунда вилоят Давлат солиқ бошқармасининг расмий веб-сайти мавжуд эмаслиги ва коррупцияга қарши курашиш борасида бошқарманинг маълумотлари Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг “soliq.uz” расмий веб-сайтида ёритиб келинаётганлиги аниқланди. Натижада очиқликка оид қонунчилик ҳужжатлари талаблари ижросини таъминлашда жиддий хато ва камчиликларга йўл қўйиб келинмоқда.
Бугунги йиғилишда шу ва шу каби қонунбузилиш ҳолатларининг келиб чиқиш сабаблари, уларни бартараф этиш йўллари таҳлил қилинди.
Таъкидландики, бу каби салбий кўрсаткич ва рақамлар вилоятдаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, ҳокимлик тизими билан бирга Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашини ҳам ўйлантириши ва жоиз бўлса,ташвишга солиши керак. Шундан келиб чиққан ҳолда, Ҳудудий кенгаш ўз фаолиятини танқидий жиҳатдан кўриб чиқиши, Кенгаш томонидан мониторинг ва назорат тадбирларини ўтказиш, эшитувлар ташкил этиш каби инструментлардан самарали фойдаланиш мақсадга мувофиқлиги юзасидан бир қатор аниқ мақсад ва вазифалар белгилаб олинди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати