Маҳаллий давлат органлари раҳбарларининг коррупцияга қарши курашиш борасидаги фаолияти бўйича ахборотларини эшитиш мақсадида ташкил этилаётган Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашлари йиғилишларининг навбатдагиси бугун Жиззах вилоятида бўлиб ўтди.
Эшитувнинг асосий мавзуси давлат улуши бўлган хўжалик юритувчи субъектларда коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш бўйича амалга оширилган ишлар таҳлили бўлди.
Нима учун вилоятда мазкур йўналишда коррупцион жиноятлар салмоғи юқори, ушбу жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари ва муаммолар нимада? Шу каби муҳим масалалар Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбарияти, Миллий кенгаш аъзолари, мутасадди вазирлик ва идоралар вакиллари ҳамда ҳудудий кенгаш аъзолари иштирокида муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, вилоятда давлат улуши бўлган хўжалик юритувчи субъеетлар мансабдор шахслари томонидан энг кўп коррупцион жиноятлар содир этилмоқда. 2021 йил мобайнида Жиззах вилоятида ушбу йўналишда коррупцияга оид 12 та жиноят ишлари бўйича 17 нафар шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, судларга юборилган.
Муҳокамалар жараёнида масъуллар томонидан давлат улуши мавжуд корхоналарнинг кўплаб функцияларини хусусий секторга ўтказиш бўйича таклифлар тайёрлаш таклифи илгари сурилди.
Бундан ташқари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгаши билан ўзаро самарали алоқаларни йўлга қўйган ҳолда фаолиятни янада жонлантириш, коррупциявий хавфларнинг олдини олишга қаратилган таклифлар тайёрлаш бўйича фаолликни ошириш лозимлиги қайд этилди.
Якунда ушбу намунавий эшитув тажрибаси асосида коррупция кўп содир бўлаётган соҳалар ва тизимлар бўйича мунтазам эшитувларни ташкил этиш бўйича масъулларга аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати