Грузиянинг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ислоҳотлари билан танишиш, бу борада икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида жорий йилнинг 16-20-май кунлари Aгентлик вакилларидан иборат делегация мазкур давлатда хизмат сафарида бўлди.
Маълумот учун: Грузия"Transparency International"нинг 2021 йил "Коррупцияни қабул қилиш" халқаро индексида 45-ўринни эгаллаган.
Ташриф давомида Грузия Ҳукумати администрацияси Коррупцияга қарши курашиш бўйича котибияти, Давлат хизматлари бюроси, Давлат харидлари агентлиги, Молия вазирлиги ҳузуридаги Тергов хизмати, Aдлия олий кенгаши, шунингдек, прокуратура органлари ва Давлат хавфсизлик хизмати тизими раҳбарияти ва вакиллари билан учрашувлар ташкил этилди.
Мулоқотлар мобайнида делегация аъзолари Грузиянинг коррупцияга қарши курашиш сиёсати, коррупцияга қарши курашувчи идоралар фаолияти, давлат хизматчиларининг мол-мулки ва даромадларини декларациялаш, аҳолига давлат хизматларини кўрсатиш ва давлат харидларини амалга ошириш жараёнлари билан танишди.
Қайд этилишича, Грузия Ҳукумати администрацияси Коррупцияга қарши курашиш бўйича котибияти таркиби давлат органлари ва ташкилотлари (раҳбарияти), фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ҳамда мустақил экспертлардан иборат. Котибият томонидан ҳар 2 йилда коррупцияга қарши курашиш бўйича стратегия қабул қилинади ҳамда ижроси устидан мониторинг амалга оширилади.
Мамлакатда давлат хизматчилари мол-мулки ва даромадларини декларациялаш тизими, давлат харидлари, жиноят ишлари тўлиқ электрон тарзда юритилади.
2009 йилдан Молия вазирлиги Тергов хизмати ташкил этилган бўлиб, унинг фаолиятига солиқ тўлашдан бўйин товлаш, контрабанда, божхона қонунчилигини бузиш, қалбаки тўлов карталарини тайёрлаш, сотиш, фойдаланиш, фирибгарлик, ўзлаштириш каби 40 та жиноят тааллуқлидир.
Учрашувларда вакилларимиз ҳам Ўзбекистонда сўнгги йилларда коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган чоралар, шу жумладан, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги фаолияти юзасидан атрофлича маълумот бериб ўтдилар.
Тадбирлар давомида аниқ соҳа ва йўналишларда ахборот алмашиш, эксперт-консультатив ҳамкорлик қилиш юзасидан келишувга эришилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати