Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашларининг рейтинг баҳолаш натижаларига кўра, Хоразм вилоятида бюджет маблағларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари бўйича март ойида 16 та назорат объектида 13 млрд. 962 млн. сўм маблағлар мақсадсиз сарфлангани аниқланиб, республика миқёсида энг ёмон натижани қайд этди.
Вилоят Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашининг бугун бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишида шу каби коррупциявий ҳолатлар Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбарияти, Миллий кенгаш аъзолари, мутасадди вазирлик ва идоралар вакиллари ҳамда Ҳудудий кенгаш аъзолари иштирокида атрофлича муҳокама этилди.
Хусусан, энергетика тизимида учраётган коррупциявий жиноятлар таҳлили, шунингдек, ушбу тизимда коррупциянинг олдини олиш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан масъулларнинг ахбороти эшитилди.
Қайд этилганидек, 2021 йилда республикада энергетика тизимида фаолият юритган 94 нафар шахсга нисбатан оид 63 та коррупцияга оид жиноят иши судларга юборилган.
Мазкур жиноятларни содир этганларнинг 91 нафари туман ва шаҳар, 3 нафари эса вилоят даражасидаги мансабдор шахслар бўлиб, улар томонидан давлат ва жамият манфаатларига жами 11,5 млрд сўм зарар етказилган. Ачинарлиси, вилоятда бундай жиноятларнинг 3 таси “Хоразм ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ходимлари томонидан содир этилган.
Бу каби кўрсаткич ва рақамлар вилоятдаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан бирга Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгаши зиммасидаги масъулиятни янада оширишни талаб этмоқда. Шу боис тадбирда фуқаролик жамияти институтлари, ОАВ имкониятларидан самарали фойдаланган ҳолда коррупцияга қарши курашишга қаратилган тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш, давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти устидан фаол жамоатчилик назоратини таъминлаш, уларнинг ҳисобдорлигини оширишда ҳудудий Кенгашнинг масъулиятини янада ошириш, фаоллигини ошириш масалаларига алоҳида урғу берилди.
Муҳокамалар жараёнида коррупция ҳолатларининг келиб чиқиш сабаблари ва уларни бартараф этиш йўллари юзасидан ҳам ўзаро фикр алмашилди.
Жумладан, коррупция кўп содир бўлаётган соҳалар ва тизимлар бўйича мунтазам эшитувлар ташкил этиш, уларда коррупцияга қарши курашиш жараёнларини таҳлил этиш, бу борадаги фаолиятни такомиллаштириш бўйича амалий таклифлар ишлаб чиқилиб, масъуллар зиммасига аниқ вазифалар юклатилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати