Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан эксперимент тариқасида 24 та давлат органлари ва ташкилотларининг коррупцияга қарши курашишдаги самарадорлиги таҳлил қилинмоқда.
Хусусан, рейтинг баҳолашни амалга оширишда инсон омилини бартараф этиш мақсадида махсус электрон платформа – E-anticor.uz ишга туширилиб, мазкур платформадан фойдаланиш тартиби бўйича семинар ўтказилди.
Ушбу платформага давлат органлари ва ташкилотлари томонидан 2021 йил ва 2022 йилнинг 1-чорагида коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилган ишлари ҳақида маълумотлар киритилди.
Рейтинг баҳолаш натижалари холислигини таъминлаш мақсадида давлат органлари ва ташкилотлари томонидан электрон платформага киритилган мазкур маълумотлар мустақил экспертлар гуруҳи томонидан ҳам кўриб чиқилади.
Шунга кўра, Агентлик директорининг “Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолашни мустақил амалга оширувчи экспертлар гуруҳи таркибини шакллантириш ва унинг фаолиятини ташкил этиш тартибини тасдиқлаш тўғрисида”ги буйруғи ишлаб чиқилиб, Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди.
Айни пайтда экспертлар гуруҳи таркиби шакллантирилиб, E-anticor.uz платформасига киритилган маълумотларни таҳлил қилиш ва баҳолаш ишлари амалга оширилмоқда.
Бугун Агентлик вакиллари ҳамда экспертлар гуруҳи аъзоларининг учрашуви ташкил этилиб, мазкур жараён билан боғлиқ муҳим масалаларнинг дастлабки муҳокамаси бўлиб ўтди.
Баҳолаш босқичлари ва якуний натижалар Агентлик расмий веб-сайти ва ОАВда батафсил ёритиб борилади.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати