Коррупцияга қарши ҳудудий кенгашлар намунавий эшитувларининг навбатдагиси Фарғона вилоятида ташкил этилди. Йиғилишда вилоятда халқ таълими тизимидаги коррупцион жиноятлар таҳлили муҳокамадаги асосий масала бўлди.
Қайд этилганидек, вилоятда 2021 йилда тизим мансабдор шахсларининг 33 нафарига нисбатан 26 та жиноят иши судга юборилган. Уларнинг аксарияти ўзлаштириш, фирибгарлик, пора олиш ва бериш кўринишидаги жиноятларни содир қилган. Мазкур жиноятларга қўл урган шахсларнинг барчаси туман ва шаҳар миқёсидаги халқ таълими бўлимларининг ходимлари ҳисобланади.
Муҳокама давомида шу каби қонунбузилиш ҳолатларининг келиб чиқиш сабаблари ва уларни бартараф этиш йўллари батафсил муҳокама қилинди.Мавзу юзасидан вилоят халқ тизими масъулларининг ахбороти эшитилди.
Йиғилишда ҳудудий Кенгаш томонидан тизимда коррупцияга сабаб ва шарт-шароитларни аниқлаш мақсадида вилоят бошқармаси, туман (шаҳар) халқ таълими бўлинмалари ҳамда туманлардаги 10 дан ортиқ мактабларда ўрганишлар олиб борилгани қайд этилди. Ўрганишлар давомида ўқитувчилар, ота-оналар ва ўқувчилар билан суҳбатлар ўтказилган ва сўровномалар ташкил этилган.
Натижада очиқликни таъминлаш, ишга жойлашиш, коррупцияга қарши тарғиботни тўғри йўлга қўйиш, алоқа каналларининг ишга туширилмагани каби тизимли камчиликлар аниқлангани маълум қилинди.
Ҳудудий кенгаш ишчи гуруҳи томонидан ушбу муаммоларни бартараф этиш бўйича ҳам таклифлар билдиришди.
Йиғилишда, шунингдек, ҳудудий Кенгаш фаолиятини такомиллаштириш бўйича тавсиялар берилди.
Жумладан, Кенгашнинг коррупциявий ислоҳотлар бажарилишини мониторинг қилиш, давлат органлари ва ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари, ОАВ билан ҳамкорлик, коррупцияга қарши курашиш жараёнига аҳолининг барча қатламларини кенг жалб этиш, бу борада тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришдаги фаолиятини кучайтиришга эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.
Шу билан бирга ҳудудга бириктирилган Миллий кенгаш аъзолари билан ўзаро алоқани йўлга қўйиш, ўз навбатида, бириктирилган вакилларнинг дахлдорлигини ошириш лозимлиги белгиланди.
Ҳудудий кенгаш коррупцияга оид жиноятлар, бюджет маблағларидан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатларининг олдини олиш, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, умуман, соҳага оид қонунчилик ҳужжатлари ижросини таъминлашда мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланиши зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Эшитув сўнггида муҳокама этилган масалалар юзасидан аниқ амалий таклифлар ишлаб чиқилиб, вилоятда аксилкоррупция сиёсатига оид ислоҳотларнинг ҳаётга самарали татбиқ этиш юзасидан муҳим мақсад ва вазифалар белгилаб олинди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати