Жорий йилнинг 23-27 май кунлари коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш соҳасида Ўзбекистон ва Латвия ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, ўзаро тажриба алмашиш мақсадида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори ўринбосари бошчилигидаги делегация Латвия Республикасида амалий ташриф билан бўлди.
Ташриф давомида Латвиянинг Коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бюроси (КНАБ), Ташқи ишлар вазирлиги Иқтисодий алоқалар ва сиёсатни ривожлантириш бўйича ҳамкорлик департаменти, Давлат бошқаруви мактаби, Рига Олий юридик мактаби ҳамда Давлат даромадлари хизмати раҳбарияти ва вакиллари билан учрашувлар ташкил этилди.
Учрашувлар давомида Латвия Республикасининг коррупцияга қарши курашиш сиёсати, ваколатли идоралар фаолияти, шунингдек, давлат хизматида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва даромадларни декларациялаш тизими, давлат хизматчилари ва аҳолини коррупцияга қарши курашиш бўйича ўқитиш тажрибаси ўрганилди.
Хусусан, Коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бюроси билан бўлиб ўтган учрашув чоғида Латвияда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, уларнинг лойиҳалари ҳамда йирик қурилиш лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш тартиби ва амалиёти, коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш тартиби ва йўналишлари, давлат харидлари жараёнларини мониторинг қилиш, давлат харидлари билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни ўрганиш юзасидан маълумот алмашилди.
Шунингдек, делегация аъзолари давлат хизматида манфаатлар тўқнашувини бартараф этиш, жиноий ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва олдини олиш, коррупция тўғрисида хабар бериш, давлат хизматчиларини коррупцияга қарши ўқитиш ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш йўналишларида қизғин мулоқотлар олиб бордилар.
Латвия Ташқи ишлар вазирлиги Иқтисодий алоқалар ва сиёсатни ривожлантириш бўйича ҳамкорлик департаменти ҳамда Ўзбекистоннинг Латвиядаги элчихонаси вакиллари иштирокида ўтказилган тадбир давомида Ҳамкорлик департаменти ва Агентлик ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, коррупцияга қарши курашиш соҳасида тажриба алмашиш, жумладан, аниқ соҳаларда қўшма лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, ўқув дастур ва тренинглар ташкил этиш истиқболлари кўриб чиқилди.
Латвия Давлат бошқаруви мактаби директори Агита Калвиня билан ташкил этилган учрашувда делегация аъзолари коррупцияга қарши ўқитиш тизими, уларнинг давомийлиги ҳамда мазкур курсларга эксперт ва мутахассисларни жалб қилиш амалиёти борасида фикр алмашдилар.
Маълумот учун: Давлат бошқаруви мактаби 1993 йилда ташкил этилган бўлиб, унинг асосий фаолиятига давлат хизматчиларининг малакасини ошириш бўйича тегишли мавзу ва йўналишларда курслар ташкил этиш ҳамда уларни тизимли равишда ўқитиш киради.
Ўз навбатида, Агентлик делегацияси раҳбари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 июлдаги 5177-сон Қарорига мувофиқ шакллантирилган давлат хизматчиларини “ҳалоллик вакцинаси” тамойили асосида коррупцияга қарши ўқитиш, одоб-аҳлоқ қоидалари ва манфаатлар тўқнашуви бўйича махсус курсларда ўқитиш тизими тўғрисида маълумот берилди.
Агентлик делегацияси ва Рига Олий юридик мактаби раҳбарияти ўртасида бўлиб ўтган мулоқотлар давомида томонлар Рига Олий юридик мактабида стажировкаларни ўташ, хусусан, Агентлик ходимларининг мазкур мактаб томонидан ташкил этилаётган 12 ҳафталик Европа ҳуқуқи ва иқтисодиёти бўйича илғор дастурда иштирок этиши юзасидан келишувга эришдилар.
Давлат даромадлари хизмати вакиллари иштирокидаги учрашувда давлат хизматчиларининг даромад ва мол-мулклари тўғрисидаги декларацияларини қабул қилиш, қайта ишлаш, текшириш ва декларация маълумотларини очиқ эълон қилиш масалалари муҳокама қилинди. Қолаверса, ташкилотнинг божхона постларида коррупцион хавф-хатарларни масофавий бошқариш бўйича фаолияти билан танишилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати