Қашқадарё вилоят Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашининг бугун бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишида банк тизимидаги коррупцион ҳолатлар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва бартараф этиш йўллари муҳокама этилди.
Қайд этилганидек, бугунги кунда банк соҳаси республикада энг кўп коррупция жиноятлари содир этилаётган тизимлардан бири бўлиб турибди. Биргина Қашқадарё вилоятида 2021 йилда банк тизимида фаолият юритган 29 нафар шахсга нисбатан 22 та жиноят иши судга юборилган.
Хусусан, улар томонидан ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-тарож қилиш, фирибгарлик, ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, пора олиш каби жиноятлар содир этилган.
Мазкур жиноятларга қўл урганларнинг 4 нафари вилоят, 25 нафари туман ва шаҳар даражасидаги банк хизмати ходимлари ҳисобланади.
Бундай коррупциявий ҳолатларга нималар сабаб бўлмоқда, мавжуд муаммоларни қандай ҳал этиш мумкин?
Мавзу юзасидан вилоят прокурори, банк тизими масъулларининг ахбороти тингланди.
Таъкидландики, банк тизимидаги коррупциявий ҳолатлар билан боғлиқ рақамлар вилоятда коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш тизимини янада такомиллаштириш зарурлигини яққол кўрсатиб турибди. Бунинг учун ҳар бир бошқарма ва идоралар ўз фаолиятини танқидий кўриб чиқиши лозимлиги қайд этилди.
Муҳокамалар мобайнида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ҳар ой юритиб келинаётган коррупция даражасини рейтинг баҳолаш натижаларида ҳам Қашқадарё вилояти бошқа ҳудудлар билан таққослаганда коррупция даражаси бўйича юқори ўриндарда тургани қайд этилди.
Жумладан, коррупцияга оид жиноятлар содир қилиш кўрсаткичи бўйича вилоят ўтган 3 ойда энг юқори ўринларда турибди. Хусусан, феврал ойида 45 та жиноят иши билан 1-ўринни, март ойида эса 46 та жиноят иши билан 4-ўринни банд этган.
Шу каби салбий тенденцияларни батараф этиш, вилоятда коррупцияга қарши курашиш ишлари самарадорлигини ошириш мақсадида Агентлик томонидан вилоят ҳокимлиги ҳамда Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгаши ҳамкорлигида Қарши туманида “Коррупциясиз ҳудуд” лойиҳаси амалга оширилади.
Лойиҳани амалга ошириш учун 29 банддан иборат “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, тасдиқланди.
Йиғилишда “Йўл харитаси”нинг асосий йўналишлари, ундан ўрин олган мақсад ва вазифаларни ўз вақтида, сифатли амалга оширилишини таъминлаш масалалари атрофлича муҳокама этилди. Ҳар бир йўналиш бўйича масъуллар ўз вазифаларига масъулият билан ёндaшиши лозимлигига алоҳида урғу берилди.
Эшитув сўнггида муҳокама этилган масалалар юзасидан аниқ амалий таклифлар ишлаб чиқилиб, вилоятда аксилкоррупция сиёсатига оид ислоҳотларнинг ҳаётга самарали татбиқ этиш юзасидан аниқ мақсад ва вазифалар белгилаб олинди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати