Жорий йилнинг 1 июнь куни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори ҳамда Жаҳон банки эксперти Лаура Поп ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Маълумот учун: Лаура Поп Жаҳон банки гуруҳида молиявий барқарорлик ва яхлитлик бўйича молиявий секторнинг катта мутахассиси ва Ўғирланган активларни қайта тиклаш (StAR) жамоаси аъзоси бўлиб, мазкур йўналишда Агентлик ходимларига экспертлик кўмаги кўрсатиб келмоқда.
Учрашув аввалида А.Бурханов мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида ислоҳотлар жараёни, қонунчиликдаги янгилик ва ўзгаришлар, хусусан, давлат хизматчиларининг мол-мулки ва даромадларини декларациялаш тизимини жорий этиш бўйича бугунги кунда олиб борилаётган ишлар хусусида маълумот бериб ўтди.
Жумладан, куни-кеча Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида сенаторлар томонидан маъқулланган “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида давлат фуқаролик хизматчиси қонунда белгиланган муддатларда ва тартибда ўз даромадлари ҳамда мол-мулки тўғрисида декларацияни тақдим этиши шартлиги қатъий белгилаб қўйилганига алоҳида урғу берилди.
Шундан сўнг икки томон вакиллари мол-мулк ва даромадларни декларация қилишнинг ўзига хос мезонлари, жумладан, декларацияга киритилиши лозим бўлган асосий маълумотлар, декларация шакли, уни тўлдириш, топшириш ва текшириш тартиби тўғрисидаги қоидаларни ишлаб чиқиш каби масалаларни муҳокама қилдилар.
Мулоқотлар чоғида декларация топшириш жараёнини рақамлаштириш, тақдим этилган маълумотларни текширувдан ўтказишнинг электрон тизимини яратиш ва бошқариш жараёнлари хусусида ҳам ўзаро фикр алмашилди.
Шунингдек, декларация тизимини амалиётга муваффақиятли татбиқ этишда халқаро тажриба, экспертларнинг таклиф ва тавсиялари муҳим аҳамият касб этиши, бу борада айниқса, таҳлилий тадқиқотлар ва бошқа услубий кўмакка эҳтиёж борлиги таъкидлаб ўтилди.
Учрашув якунида коррупцияга қарши курашишнинг турли йўналишлари, жумладан, давлат хизматчилари мол-мулки ва даромадларини декларациялаш, манфаатлар тўқнашуви ва коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш йўналишларида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини давом эттиришга келишиб олинди. Эксперт Л.Поп Жаҳон банки мазкур йўналишда экспертлик ва техник кўмак кўрсатишга тайёр эканлигини билдирди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати