Жорий йилнинг 6 июнь куни Агентлик директори ҳамда Жаҳон банкининг экспертлари Даниэла Фелман, Дмитро Котляр ва Эльбек Юсуповлар ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Даставвал учрашувни Агентлик директори А.Бурханов бошлаб, хорижлик экспертларни коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ўзгаришлар, жумладан, коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш йўналишида олиб борилаётган чора-тадбирлар билан таништириб ўтди.

Бундан ташқари, Жаҳон банки экспертлари томонидан “Коррупцияга қарши курашда институционал салоҳиятни кучайтириш” лойиҳаси ҳақида сўз юритилди.
Маълумот учун: Бугунги кунга қадар мазкур лойиҳа доирасида даромадлар ва мол-мулкни декларациялаш, коррупциявий хавф-хатарларни баҳолашга оид семинарлар ташкил этилди, STaR лойиҳаси асосида декларация соҳасида илгари ўтказилган тадқиқотлар бўйича материаллар тақдим этилди.
Жорий йилнинг 6-9 июнь кунлари бўлиб ўтадиган Миссия доирасида коррупцияга қарши курашиш соҳасига алоқадор бошқа вазирлик ва идоралар билан учрашиш кўзда тутилган.
Ўз ўрнида, хорижий экспертлар томонидан Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга юқори баҳо берилиб, лойиҳанинг кўламини кенгайтиришга қаратилган механизмлар устида ишланаётганлиги таъкидланди.

Иштирокчилар коррупциявий хавф-хатарларни баҳолашни ташкил этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш, давлат харидлари мониторингини такомиллаштириш ва бу борадаги коррупцион хавф-хатарларни ўз вақтида аниқлаш имкониятларини ўрганиш, ушбу йўналишдаги халқаро тажриба билан Агентлик, шунингдек, бошқа масъул вазирлик ва идоралар вакилларини таништириш бўйича амалга ошириладиган ишлар хусусида ўзаро фикр алмашишди.

Учрашув сўнггида томонлар самарали ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати