Навоий вилояти Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашининг жорий йил 8 июнь куни бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишида вилоят газ таъминоти тизимида учраётган коррупцион ҳолатлар, шунингдек, тизимда коррупциянинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чоралар муҳокама қилинди.
Таъкидланишича, вилоятда 2021 йилда "Ҳудудгазтаъминот" тизимида фаолият юритган 11 нафар шахсга нисбатан 7 та жиноят иши судга юборилган. Улар томонидан ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш ҳамда фирибгарлик жиноятлари содир этилган.
Йиғилишда мавзу юзасидан вилоят прокурори ва бошқа масъулларнинг ахбороти тингланиб, бу каби қонунбузилиш ҳолатларининг келиб чиқиш сабаблари ва уларни бартараф этиш чоралари хусусида фикр алмашилди.
Муҳокамалар жараёнида Ҳудудий кенгашнинг иш режасида белгиланган вазифалар ижроси ҳам кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, 2022 йилнинг апрель ойида Навоий вилоятида 22 та коррупцияга оид жиноятлар содир этилганлиги кўрсаткичи билан вилоят энг кўп коррупциявий жиноятлар содир этилган 5 та ҳудуддан бири бўлган.
2022 йилнинг 1-чорагида ваколатли органлар томонидан вилоятнинг 72 та назорат объектида ўтказилган текширувларнинг 44 таси ёки 61 фоизида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, 1 млрд. 854 млн. сўмлик бюджет маблағларининг ноқонуний сарфланиши билан боғлиқ ҳолатлар қайд этилган.
Иштирокчилар томонидан келгусида Ҳудудий кенгаш фаолияти самарадорлигини янада оширишда эътибор қаратилиши ва ҳал этилиши лозим бўлган жиҳатларга ҳам алоҳида урғу берилди. Хусусан, Кенгаш ўз фаолиятида мониторинг ва назорат тадбирларини ўтказиш, эшитувлар ташкил этиш каби инструментлардан самарали фойдаланиши лозимлиги алоҳида таъкидланди.
Бундан ташқари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш орқали коррупцияга қарши курашиш жараёнига аҳолини кенг жалб этиш ишларини янада кучайтириш зарурлиги билдирилди.
Эшитув якунида Кенгаш аъзолари масъулиятини ошириш бўйича аниқ чоралар кўриш, шунингдек, газ таъминоти тизимини коррупциядан холи қилиш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилиб, асосий вазифалар белгилаб олинди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати