Хабар берганимиздек, жорий йилнинг 6-9 июнь кунлари Жаҳон банкининг «Коррупцияга қарши курашда институционал салоҳиятни кучайтириш» лойиҳаси доирасидаги экспертлар Миссияси мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасига алоқадор вазирлик ва идоралар билан учрашувлар ташкил этмоқда.
Бугун, жорий йилнинг 9 июнь куни Агентлик ва Жаҳон банки вакиллари ўртасида Миссиянинг якунларига бағишланган онлайн учрашув бўлиб ўтди.
Унда томонлар ўртасида алоқаларни мустаҳкамлаш ва Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ислоҳотларни амалга оширишда ҳамкорликнинг аниқ йўналишлари яна бир бор муҳокама этилиб, келгусидаги мақсад-вазифалар белгилаб олинди.
Унга кўра, Агентлик ҳамда Жаҳон банки вакиллари давлат харидларида коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш, давлат идораларида коррупциявий омилларни бартараф этиш методологиясини жорий этиш, манфаатлар тўқнашуви, даромадлар ва мол-мулкни декларациялаш, шунингдек, Агентлик фаолиятини институционал баҳолаш йўналишларида ҳамкорликда иш олиб борадилар.
Учрашув якунида ўзаро ҳамкорлик доирасида мақсадли лойиҳаларни ишлаб чиқишга ва экспертлик кўмагини кўрсатишни давом эттиришга келишиб олинди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати