Жорий йилнинг 11 июнь куни Ички ишлар вазирлиги академиясида мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг аҳамиятига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори А.Бурханов иштирок этди.
Агентлик директори давлатимиз раҳбари ташаббуси билан коррупцияга қарши курашишга сафарбар этилаётган зарур куч ва воситалар, жумладан, коррупцияга қарши курашиш йўналишида норматив-ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш, бу борада халқаро стандартларни Ўзбекистон қонунчилигига имплементация қилиш, халқаро рейтингларда ўрнимизни яхшилаш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар ва уларнинг самараси хусусида маълумот бериб ўтди.
Тадбирда Агентлик томонидан аҳоли ва давлат хизматчиларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги билимларини узлуксиз ошириш тизимини жорий қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида ҳам тўхталиб ўтилиб, “Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси” фаолиятини йўлга қўйиш устида иш олиб борилаётгани қайд этиб ўтилди.
Мулоқотда, шунингдек, ички ишлар органлари ходимларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ўрни ва ролига тўхталиб ўтилди. Айниқса, Академия профессор-ўқитувчилари томонидан курсантларнинг “Ҳалоллик вакцинаси” доирасида аҳоли ўртасида жамиятда ҳуқуқий онгни, ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ва қонунийликни мустаҳкамлашга қаратилган билим ҳамда кўникмаларини оширишга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги қайд этилди.
Тадбир сўнггида, меҳнат фаолиятида алоҳида ўрнак кўрсатган педагог-ходимлар муносиб рағбатлантирилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати