Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори А.Бурханов жорий йилнинг 15 июнь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги доимий координатори Роли Астханани қабул қилди.
Учрашувдан кўзланган асосий мақсад Агентлик ва БМТ ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, шу жумладан, Агентлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, истиқболда амалга ошириладиган қўшма лойиҳаларни муҳокама қилишдан иборат бўлди.
Мулоқот давомида Агентлик раҳбари халқаро ҳамкорларга мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида кечаётган ислоҳотлар жараёни, қонунчиликдаги янгилик ва ўзгаришлар, хусусан, давлат хизматида ҳалоллик ва очиқликни таъминлашга қаратилган норматив ҳужжатлар ва жорий этилган янги механизмлар юзасидан батафсил ахборот берди.
Жумладан, куни-кеча қабул қилинган “Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлик даражасини ошириш ва баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармонининг давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида очиқликка оид қонунчилик ҳужжатларида белгиланган мажбуриятларнинг ижро этилиши аҳволини мониторинг қилиш ҳамда баҳолаб боришнинг комплекс таҳлилига асосланган тизимни яратишдаги долзарб аҳамиятига тўхталиб ўтилди.
Шунингдек, коррупцияга қарши курашишнинг замонавий тенденцияларидан келиб чиқиб, янги стратегияларни амалиётга муваффақиятли татбиқ этишда халқаро тажриба, экспертларнинг таклиф ва тавсиялари муҳим ўринга эгалиги таъкидланди.
Ўз ўрнида, Р.Астхана республикамиздаги ислоҳотлар ва уларнинг самарасини юқори баҳолаб, Ўзбекистонда амалга оширилаётган барча ижобий ўзгаришлар тегишли халқаро рейтинг ва ҳисоботларда ўз аксини топаётганини алоҳида эътироф этди.
Учрашув якунида коррупцияга қарши курашишнинг турли йўналишларида ҳамкорликни давом эттиришга, жумладан, биргаликда янги қўшма лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш орқали ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олинди.
Роли Астхана БМТ томонидан турли йўналишларда экспертлик ва бошқа кўмак кўрсатишга тайёр эканлигини билдирди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати