Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори А.Бурханов ҳамда Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти (ЕХҲТ)нинг Иқтисодий ҳамкорлик ва бошқарув бўйича маслаҳатчиси Эни Гьерджи ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Айтиш жоизки, Агентлик сўнгги икки йил давомида ЕХҲТ билан давлат органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш борасида яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Жумладан, ўтган йили ташкилотнинг Иқтисодий ва экологик фаолият координатори идораси билан ҳамкорлик Меморандуми имзоланиб, Халқаро очиқ маълумотлар хартияси билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасида очиқ маълумотларнинг ҳолати тўғрисида якуний ҳисобот тайёрланиб, вазирлик ва идоралар билан муҳокама қилинди.
Шу каби самарали ҳамкорликнинг мантиқий давоми сифатида бугунги учрашувда давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш бўйича келгусидаги ҳамкорлик йўналишлари атрофлича муҳокама этилди.
Мулоқот аввалида Агентлик директори мамлакатимизда очиқлик сиёсати коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги айнан очиқлик ва шаффофликни таъминлаш борасидаги ислоҳотлар ҳақида халқаро ҳамкорни хабардор қилди. Хусусан, очиқлик сиёсатини таъминловчи механизмлар, шунингдек, жамоатчилик назорати механизмларининг ҳаётга самарали жорий этилаётгани, рақамли ва онлайн технологияларнинг кенг қўлланилиши давлат органларининг жамият олдидаги ҳисобдорлигини янада ошираётгани хусусида тўхталиб ўтди.
Э.Гьерджи ўз ўрнида республикамиздаги ислоҳотларни юқори баҳолаб, ЕХҲТ билан олиб борилаётган лойиҳалар ушбу соҳа ривожига ҳисса қўшаётганлигидан мамнунлигини маълум қилди.
Томонлар ўзаро самарали ҳамкорликни давом эттириш ҳамда амалга оширилаётган лойиҳалар кўламини кенгайтириш масалаларида ўзаро фикр алмашдилар.
Мулоқот чоғида Агентлик директори Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашишда очиқлик учун масъул органларнинг институционал салоҳиятини такомиллаштириш ва бунда ЕХҲТнинг эскпертлик, методологик кўмаги бундан кейин ҳам муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Шу мақсадда келгусида давлат хизматчиларининг билим ва кўникмаларини ошириш, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва журналист ҳамда блогерларнинг очиқлик борасидаги жамоатчилик назорати фаолиятини қўллаб қувватлашга қаратилган лойиҳаларни ишга тушириш, илғор хорижий тажриба асосида очиқлик даражасини мониторинг қилиш бўйича электрон платформани ишга тушириш каби долзарб йўналишларда ўзаро ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.
Ушбу таклиф Э.Гьерджи томонидан ҳам қўллаб-қувватланди.
Эндиликда икки томонлама ҳамкорлик биргаликда амалга ошириладиган янги лойиҳа ва режалар билан янада ривожлантирилади.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати