Жорий йилнинг 23 июнь куни Коррупцияга қарши курашиш агентлигида “Bikal” ахборот технологиялари компанияси Кузатув кенгаши аъзоси, Британия парламенти Лордлар палатаси аъзоси Александр Карлайл билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувнинг асосий мақсади коррупцияга қарши курашишда замонавий ахборот технологияларини жорий этиш бўйича ўзаро тажриба алмашиш ҳамда икки томонлама ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишдан иборат бўлди.
Учрашувда дастлаб Агентлик вакиллари томонидан мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, хусусан, Агентлик ваколатлари ва вазифалари, амалга оширилаётган лойиҳалар ва келгусидаги режалар ҳақида батафсил маълумот берди.
Муҳокамалар марказида Ўзбекистонда давлат хизматида ҳалолликни кучайтириш ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олишда Британия тажрибасини ўрганиш бўйича ҳамкорлик қилиш истиқболлари бўлди.
Шунингдек, ўзаро ҳамкорликнинг дастлабки қадамлари сифатида коррупцияга қарши курашиш соҳасида тажриба алмашиш, Агентлик ходимларининг салоҳияти ва малакасини оширишга қаратилган ўқув дастурлар, стажировка ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш билан бошлашга келишиб олинди.
Учрашув якунида икки томон ўртасида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилиши мамлакатларимиз учун бирдай манфаатли эканлиги таъкидланди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати