Жорий йилнинг 27 июнь куни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси вакиллари иштирокида “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳасининг муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди.
Маълумки, жорий йил 24 июнь куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг йиғилишида “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонуни лойиҳасининг умумхалқ муҳокамасига қўйиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Шунга кўра, жорий йил 25 июнь кунидан бошлаб, мазкур Конституциявий қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига қўйилди ва бугуннинг энг муҳим мавзусига айланди.
Давра суҳбатида қайд этилдики, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари Кенгашларининг Қўшма қарори билан тузилган Конституциявий комиссияга ўтган бир ой давомида келиб тушган 60 мингдан ортиқ таклифлар мамлакатимизда 2016 йилдан бошланган очиқлик, ошкоралик сиёсатининг амалий натижаси сифатида намоён бўлди.
Конституцияга бугунги кунда давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан айланган коррупцияга қарши курашиш борасида ҳам бир қатор муҳим ўзгартишлар киритилмоқда. Тадбирда айни йўналишда назарда тутилаётган ўзгаришлар ва уларнинг аҳамияти атрофлича муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, Конституциявий қонун лойиҳасида коррупцияга қарши курашишнинг инcтитуционал асослари ва унинг парламент билан муносабатлари мутаҳкамлаб қўйилмоқда. Хусусан, парламентнинг Ўзбекистон Республикасида коррупцияга карши курашиш тўғрисидаги ҳар йилги Миллий маърузани кўриб чиқиш ваколати Конституция даражасида мустаҳкамланмоқда.
Шунингдек, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбарини тайинлаш тўғрисидаги Фармонни Сенат томонидан тасдиқлаш тартиби Конституцияда белгиланмоқда.
Янги лойиҳада коррупцияга қарши курашда энг муҳим омил - очиқликни таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, ҳар ким Интернет жаҳон ахборот тармоғига кириш ва ундан эркин фойдаланиш ҳуқуқига эгалиги белгиланмоқда. Шу билан бирга ҳар бир фуқаронинг ҳаётига дахлдор бўлган масала давлат бюджети ва қарзини шакллантириш ҳамда ижро этиш тартиби очиқлик ва ошкоралик принциплари асосида амалга оширилиши, фуқаролар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари унинг устидан жамоатчилик назорати ўрнатиши назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, коррупцияга қарши курашишда муҳим аҳамиятга эга бўлган фуқаролик жамияти институтлари ва уларнинг таркиби эндиликда Конституциямизда аниқ очиб берилмоқда. Яъни, маҳаллалар, сиёсий партиялар, ҳаракатлар, оммавий ахборот воситалари, касаба уюшмалари, жамоат фондлари ва шахсларнинг бошқа жамоат бирлашмалари фуқаролик жамиятининг асосини ташкил этиши белгиланмоқда.
Давра суҳбатида Конституцияга ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифларни шакллантириш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссиянинг раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари А.Саидов томонидан бу борадаги ўзгаришларнинг туб моҳияти ва эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалар тўғрисида батафсил маълумот бериб ўтилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати