Жорий йилнинг 28 июнь куни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Ёшлар ишлари агентлиги, Бош прокуратура, Ички ишлар ҳамда Инновацион ривожланиш вазирликлари, шунингдек, БМТнинг Тараққиёт дастури ҳамкорлигида «Ёшлар ҳалоллиги куни» тадбири ташкил этилди.
Унда мазкур ташкилот ва идораларнинг раҳбарияти ҳамда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан ёшлар вакиллари бевосита ва онлайн тарзда иштирок этди.
Жорий йилда Агентлик ҳамда БМТТД қўшма ташаббуси билан «Ўзбекистонда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ролини ошириш учун фуқаролик маконини, аёллар ва ёшлар овозини мустаҳкамлаш» лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Лойиҳанинг асосий мақсадларидан бири фуқаролик жамияти институтлари, аёллар нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий ҳамжамиятлардан иборат коррупцияга қарши фуқаролик маконини яратиш орқали жамиятда ҳалолликка бўлган талабни шакллантиришдан иборат.
Шу тарзда хотин-қизлар ва ёшларнинг жамиятдаги овози ва ролини кучайтириш кўзда тутилган.
«Ёшлар ҳалоллиги куни» мазкур лойиҳа доирасида ёшларда коррупцияга нисбатан тоқатсизлик муносабатини кучайтириш, ҳалолликни кенг тарғиб қилиш орқали уларни ушбу иллатга қарши курашишга фаол жалб қилиш мақсадида ташкил этилди.
Тадбирнинг очилиш маросимида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори А. Бурханов ёшларда коррупцияга нисбатан муросасизлик кайфиятини шакллантириш борасида Агентлик томонидан амалга оширилиб келинаётган чора-тадбирлар хусусида тўхталиб ўтди.
Таъкидландики, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 18 январдаги қарор билан тасдиқланган «Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини 2025 йилгача ривожлантириш концепциясини 2021-2022 йилларда амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси»нинг ижросини таъминлаш мақсадида Бош прокуратура билан ҳамкорликда 21 банддан иборат «Ёшларда коррупцияга қарши курашиш бўйича фаол дунёқараш ва мустаҳкам фуқаролик нуқтаи назарини шакллантириш бўйича чора-тадбирлар дастури» ишлаб чиқилди ҳамда Агентлик, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги ва Ёшлар ишлари агентлиги раҳбарияти томонидан тасдиқланиб, ижроси мунтазам назорат қилиб келинмоқда.
Тадбирнинг дастлабки – «Ҳалоллик коррупцияга қарши курашишнинг асоси сифатида, шунингдек, мамлакатнинг коррупцияга қарши сиёсатида ёшларнинг роли» мавзусидаги сессияда айни йўналишдаги ишлар ва уларнинг самараси юзасидан фаол мулоқот қилинди.
«Коррупция – ёшлар нигоҳида» мавзусидаги навбатдаги сессияда эса ёшларни коррупцияга қарши кураш тадбирларига жалб этиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, ёш авлод вакилларининг бу борадаги таклиф ва мулоҳазалари билан ўртоқлашилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати
К