Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқилишини таъминлаш, улар билан тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотни йўлга қўйиш мақсадида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори томонидан мунтазам равишда фуқаролар қабули ўтказиб келинмоқда.
Бу эса аҳоли муаммоларини ўз вақтида ҳал этиш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг энг мақбул йўли сифатида ўзининг амалий натижаларини бермоқда.
Хусусан, яқинда бўлиб ўтган навбатдаги қабулда фуқаролар томонидан суд қарорлари ҳамда турли давлат органлари, маҳаллий ҳокимликларда мурожаатларининг тўлиқ ва холисона кўриб чиқилмаётганлиги ҳамда турли коррупциявий ҳолатлардан норозиликлар билдирилди.
Қабулда фуқароларнинг мурожаатлари тўлиқ тингланиб, муаммоларнинг ечими бўйича тегишли ҳуқуқий тушунтириш ва маслаҳатлар берилди.
Ижроси ўрганиш ва вақт талаб қиладиган мурожаатлар бўйича фуқаролардан тегишли тартибда ариза ва шикоятлар қабул қилиниб, ижроси қатъий назоратга олинди.
Давлат органларининг “Халқ билан мулоқот” қилиши тамойилини ҳаётга татбиқ этиш учун ташкил этилаётган бундай қабуллар орқали коррупциявий ҳолатларни келтириб чиқараётган омиллар таҳлил қилинмоқда ҳамда уларни бартараф этиш учун тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда.
Энг муҳими, аҳолининг давлат идораларига, адолат ва ҳақиқатга ишончи мустаҳкамланмоқда.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот агентлиги