Жорий йилнинг 1 июль куни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Гиёҳвандлик ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси Марказий Осиё бўйича ваколатхонаси, Олий суд, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги ва Давлат статистика қўмитаси ҳамкорлигида “Коррупцияга оид статистик ва таҳлилий маълумотларни шакллантиришдаги муаммо ва ечимлар” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Унда халқаро экспертлар, вазирлик ва идораларнинг коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари масъуллари, илмий тадқиқот муассасаларининг илмий ходимлари ва тадқиқотчилар иштирок этди.
Шунингдек, БМТ Бош Ассамблеясининг Sustainable Development Goals (SDGs) 16.5.1 ва 16.5.2 индикаторлари бўйича таҳлилни амалга ошириш, бошланғич кўрсаткични аниқлаш муаммолари, коррупцияга оид статистик маълумотларни шакллантириш ва очиқ эълон қилишни идоралараро мувофиқлаштириш масалалари кўриб чиқилди.
Давра суҳбати давомида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг комплекс таҳлилини амалга оширишда суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг ролини кучайтириш масалалари ҳам атрофлича муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, соҳага оид ижобий хорижий тажрибани тадбиқ қилиш, айниқса, замонавий инновацион таҳлилий ва тадқиқот услубларини амалиётда қўллаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Якунда коррупцияга оид ахборот-таҳлилий ва тадқиқот фаолиятни янада такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати