Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Ўзбекистон Республикасининг Германия Федератив Республикасидаги дипломатик ваколатхонаси, Швейцария Конфедерациясининг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури ҳамкорлигида Ўзбекистон делегациясининг Швейцарияга хизмат сафари бошланди.
Ташрифнинг мақсади – коррупциянинг олдини олиш ва самарали бошқарувни жорий этиш соҳаларида тажриба алмашиш, икки давлат ваколатли органлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, шу жумладан активларни қайтариш, соҳага оид халқаро стандартларни имплементация қилиш, самарали бошқарув ҳамда коррупциянинг олдини олиш бўйича комплаенс-назорат тизимлари жорий этилиши юзасидан ҳамкорлик қилишдан иборат.
Ташрифнинг илк куни делегациянинг Базель бошқарув институти ҳамда Активларни қайтариш халқаро маркази раҳбарияти ва мутахассислари билан учрашуви ташкил этилиб, мулоқотлар давомида самарали бошқарув ва активларни қайтариш, комплаенс тизимини жорий этиш бўйича фаолияти, коллектив ҳаракат (билимлар маркази) ва “Яшил коррупция” лойиҳалари билан яқиндан тинишдилар.
Маълумот учун: Базель институти 2003 йилда ташкил этилган мустақил ташкилот бўлиб, хорижий давлатлар вва халқаро даражада давлат ва хусусий секторларда коррупциянинг олдини олиш ҳамда самарали бошқарув бўйича тадқиқотлар ўтказиш, амалий механизмларни жорий этиш ва лойиҳаларни амалга ошириш бўйича фаолият юритувчи ташкилот ҳисобланади.
Учрашув якунида Агентлик ва Базель институти ўртасида ҳамкорлик лойиҳаларини ишга тушириш, Ўзбекистонда соҳага оид институционал салоҳиятни кучайтириш бўйича ҳамкорлик қилиш юзасидан келишувга эришилди.
Хизмат сафари давомида Ўзбекистон делегацияси Швейцариянинг Бош прокуратураси, Ташқи ишлар вазирлиги Коррупцияга қарши курашиш бўйича идоралараро ишчи гуруҳи, Федерал аудит идораси, Transparency International Switzerland, Швейцария ривожланиш ва ҳамкорлик ташкилоти ҳамда бошқа давлат идоралари билан икки томонлама учрашувлар ўтказади.
Ташриф давомида ташкил этилган тадбирлар юзасидан батафсил маълумот алоҳида эълон қилиб борилади.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати