Жорий йилнинг 26 июль куни Коррупция қарши курашиш агентлиги директори ҳамда Япониянинг Нагоя университети Президенти Наоши Сугияма ҳамда Токай Миллий Олий таълим ва тадқиқот муассасалари тармоғи раҳбари Сейичи Мацуо ўртасида уч томонлама онлайн учрашув бўлиб ўтди.
Япон томони Ўзбекистоннинг аксилкоррупция сиёсатга оид ислоҳотлари долзарблигини эътироф этиб, Агентлик билан алоқаларни ривожлантириш, шунингдек, мазкур йўналишда таълим ва илмий тадқиқотлар бўйича ҳамкорликни чуқурлаштириш мамлакатларимиз учун бирдай манфаатли эканлигини билдирди.
Шундан сўнг мулоқот Осиё ҳуқуқий ҳамкорлик маркази раҳбарияти билан давом этди. Томонлар коррупцияга қарши курашиш соҳасида ходимларнинг малакасини ошириш, қўшма тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш, тажриба ва маълумот алмашинувини йўлга қўйиш хусусида ўзаро фикр алмашишди.
Мулоқот чоғида Агентлик директори А.Бурханов Япония университетлари эксперт ва профессорларини жалб қилган ҳолда коррупцияга қарши курашиш ва давлат хизматчиларининг бу борадаги билимларини ошириш бўйича семинар ва тренинглар ўтказиш, Японияда қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил этиш орқали давлат хизматчиларининг малакасини ошириш каби йўналишларда ҳамкорлик ўрнатишни таклиф этди.
Марказ вакиллари бу каби муҳим таклиф ва ташаббусларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини маълум қилди.
Якунда аҳоли ва давлат хизматчилари учун коррупцияга қарши таълим жараёни, коррупцияга қарши курашиш бўйича дастурларни яратиш ва тадқиқотлар олиб боришга оид қўшма тадбирларни амалга ошириш бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати