Коррупцияга оид масалаларни ижтимоий тармоқларда қандай ёритиш керак? Мазкур мавзуга доир ахборот манбалари билан ишлашда нималарга эътибор қаратиш зарур? Бу борада журналист хавфсизлиги-чи, қандай таъминланади?
“Коррупцияга қарши кураш масалаларини ёритиш бўйича журналист, блогер, ННТ фаолларининг салоҳиятини ошириш” мавзусидаги тренинг ОАВ ва ННТ вакилларигашу каби саволлар атрофида фикр алмашиш, тажриба ва малака ошириш имконини бермоқда.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Журналистларни қайта тайёрлаш маркази ҳамкорлигида мамлакатимизнинг барча ҳудудлари бўйлаб ташкил этиб келинаётган мазкур тренинг 2-3 августлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтди.
Тренингда таниқли медиатренерлар ҳамда Агентлик маъсул ходимлари томонидан ОАВ вакилларига коррупция ва унинг турлари, коррупцияга қарши курашда миллий ва халқаро қонунчилик асослари, коррупцияга қарши курашишда муваффақиятга эришган давлатлар тажрибаси бўйича маълумот берилди.
Шунингдек, коррупцияга қарши курашишда ижтимоий шерикликнинг ўрни, соҳада тарғибот-ташвиқот ишларини тўғри йўлга қўйиш, қонунчилик ҳужжатлари билан самарали ишлаш, касб этикаси ва шахс ҳуқуқлари чегарасини бузмаслик каби долзарб масалалар бўйича тақдимотлар ҳам ўтказилди.
Коррупция билан боғлиқ ишларни ёритишнинг ўзига хос жиҳатлари, айни йўналишда журналистик суриштирув олиб боришда фактларни тўғри таҳлил ва талқин қилиш, объективлик ва шафоффликни таъминлаш турли кейслар ва амалий машғулотлар мисолида кўриб чиқилди.
Иштирокчиларга масс-медиа воситалари (видеороликлар, интернет ва бошқа ОАВ материаллари) ёрдамида фуқароларни коррупцияга қарши муносабатини шакллантириш ҳамда ҳуқуқ-тарғибот идоралари билан ҳамкорликни самарали ташкил этиш усуллари юзасидан ҳам зарур тавсиялар берилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати