Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашлари фаоллигини ошириш, жойларда коррупциянинг олдини олиш бўйича белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг август-декабрь ойлари давомида семинар машғулотлари ташкил этиш белгиланган.
Ушбу семинарларнинг дастлабкиси соҳалар, ҳудудлар ва давлат идоралари кесимида коррупция даражасини рейтинг баҳолаш тизими мавзусида ташкил этилди.
Вазирлик ва идоралар, шунингдек коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий кенгашларнинг 200 га яқин вакиллари иштирок этди.
Таъкидланганидек, рейтинг баҳолаш тизими коррупциявий хавф-хатарларга энг кўп дуч келадиган ҳудуд, соҳа ва органларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш юзасидан манзилли чоралар кўришга қаратилган.
Маълумот учун: Агентлик томонидан рейтинг баҳолаш услубиёти ишлаб чиқилган бўлиб, унда содир этилган коррупцияга оид жиноятлар, бюджет маблағларидан мақсадсиз фойдаланиш бўйича аниқланган қонунбузилишлар, коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилаётганлиги тўғрисида келиб тушган мурожаатлар, аҳоли ўртасида ўтказиладиган сўровнома натижалари ҳамда ОАВ ва ижтимоий тармоқлар орқали коррупциявий ҳуқуқбузарликлар содир этилаётганлик эҳтимоли бўйича эълон қилинган хабарлар индикаторлар сифатида фойдаланилади.
Тренинг давомида Агентлик масъул ходимлари томонидан иштирокчиларга тақдимот ташкил этилиб, рейтинг баҳолаш методикаси, индикаторлар, масъул вазирлик ва идораларнинг рейтингни юритишдаги вазифалари, шунингдек, рейтинг баҳолаш натижалари юзасидан таклиф ва тавсиялар берилди ва иштирокчилар томонидан берилган саволларга жавоб берилди.
Тадбир якунида ҳудудий кенгаш аъзолари томонидан рейтинг баҳолаш тизимини такомиллаштириш ҳамда ҳудудларнинг рейтинг баҳолашдаги кўрсаткичларини яхшилаш юзасидан таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати