Жорий йилнинг 27 август куни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгашининг таъсис йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда кенгашнинг асосий мақсад ва вазифалари ҳамда бошқа ташкилий масалалар муҳокама қилинди.
Ўзбекистонда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича олиб борилаётган сиёсат ва чора-тадбирларнинг самарадорлигини оширишга кўмаклашиш Жамоатчилик кенгашининг асосий мақсади эканлиги қайд этилди.
Кенгаш аъзолари томонидан ушбу мақсадни амалга ошириш учун бир қатор таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Хусусан, Агентлик томонидан ишлаб чиқилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаларида иштирок этиш ва таклифлар билдириб бориш, Коррупция энг кўп учраётган соҳалардан бири юзасидан жамоатчилик эшитувини ташкил этиш, коррупциявий хавфларни камайтириш юзасидан таҳлилий материаллар ва таклифларни агентликка тақдим этиб бориш каби йўналишлар шулар жумласидандир.
Шунингдек, йиғилишда ташкилий масала ҳам кўриб чиқилди ва кенгаш раиси ва унинг ўринбосарлари сайланди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати