Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) томонидан жорий йилнинг 8-9 сентябрь кунлари Чехия давлатининг Прага шаҳрида «COVID-19 пандемиясидан барқарор иқтисодий тикланиш орқали ЕХҲТ ҳудудида хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш» мавзусидаги 30-Иқтисодий ва экологик форумининг якуний йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда ЙХҲТга аъзо давлатлар ўртасида мулоқот ва ҳамкорликни ривожлантириш, COVIDдан кейинги даврда иқтисодиётни барқарор тиклаш масалалари кўриб чиқилди, шунингдек, рақамли инновациялар ва яшил энергияни ривожлантириш бўйича Иқтисодий ва экологик форум сиёсати атрофлича муҳокама қилинди.
Форумнинг «Барқарор иқтисодий тикланиш ва яшил ўсиш» номли сессиясида «Яхши бошқарув ва коррупцияга қарши курашишга кўмаклашиш бўйича самарали чора-тадбирлар» мавзусига бағишланган панелида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги бошқарма бошлиғи А.Эргашев маъруза билан бевосита иштирок этди.
Агентлик вакили форум иштирокчиларига Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш борасида давлат сиёсати даражасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар хусусида атрофлича маълумот берди. Хусусан, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, барча соҳаларда рақамли ва онлайн технологияларнинг кенг қўлланилиши натижасида давлат органларининг жамият олдидаги ҳисобдорлигини янада ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида тўхталиб ўтди.
Жумладан, 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги Миллий мақсад ва вазифаларга эришишни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепцияси тасдиқлангани ва унда мазкур Концепцияда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат органлари фаолиятининг шаффофлик даражасини ошириш ва фуқаролик жамиятининг ролини кучайтириш назарда тутилганига алоҳида урғу берилди.
Йиғилиш якунида иқтисодиётни барқарор тиклаш, рақамли инновациялар ва яшил энергияни ривожлантиришда мулоқот ва ҳамкорликни кенгайтириш, ҳар томонлама хавфсизликни таъминлашда экологик ва иқтисодий ривожланишни таъминлаш каби бир қатор масалаларда концептуал мақсад ва вазифалар белгилаб олинди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати