Давлат органлари ва идораларининг очиқлигини таъминланишини ташкил этиш ва ушбу жараённи мунтазам равишда мониторинг қилиб бориш Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашларининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади. Шу боисдан Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашлари учун мунтазам равишда ташкил этилаётган навбатдаги семинар мавзуси Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини мониторинг қилиш ва баҳолаш тўғрисида бўлиб ўтди.

Агентлик вакиллари томонидан ташкилотлар фаолияти очиқлиги,шаффофлиги ва ҳисобдорлигини таъминлаш, жамоатчилик назоратини кучайтириш, оммавий ахборот воситалари самарали фаолият юритишлари учун шарт-шароит яратиш, бюрократик тўсиқларни янада қисқартириш ва коррупция иллатларига барҳам бериш мақсадида ҳар йил якунлари бўйича Давлат органлари ва ташкилотларининг очиқлик индексини шакллантириш йўлга қўйилаётгани таъкидланди.

Қайд этилганидек, Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлик даражаси қуйидаги 8 та индикатор асосида баҳолаб борилади:
- давлат органлари ва ташкилотларида очиқликни таъминлашга масъул бўлган ходимлар фаолиятининг самарадорлиги;
- давлат органлари ва ташкилотларининг расмий веб-сайтларида ахборотларни жойлаштириш ва электрон давлат хизматлари кўрсатиш ҳолати;
- ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларни қонунчиликда белгиланган ахборот ресурсларида эълон қилиш ва жамоатчилик олдида ҳисобдорлик тизимининг йўлга қўйилиши;
- бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлашга оид маълумотларнинг расмий веб-сайтда жойлаштирилиши;
- Очиқ маълумотлар порталида маълумотлар жойлаштирилиши;
- оммавий коммуникация технологияларининг жорий қилиниши;
- коррупция ҳолатларини барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олишда очиқлик тамойилларидан фойдаланиш ҳолати;
- жамоатчилик кенгаши фаолиятининг самарадорлиги.

Семинар давомида ҳудудий кенгашларнинг очиқликни таъминлаш жараёнидаги иштироки ва улар эътибор қаратиш лозим бўлган масалалар ҳақида ҳам фикр алмашилди.
Жумладан, айрим туман-шаҳар ҳокимликларининг расмий веб-сайти талаб даражасида юритилмаётгани, ҳудудий кенгаш томонидан ўрганиш ўтказиш, натижалари бўйича комиссия йиғилиши ёки сессияларда эшитув амалиётидан фойдаланилмаётгани, еки сессияларни телеканаллар, шунингдек, Интернет тармоғи орқали жонли эфирга узатилишида жиддий нуқсонлар мавжудлиги қайд этилди.
Ушбу масалаларни бартараф этиш мақсадида ҳудудлардаги ташкилотларнинг очиқлигини, шаффофлигини юқоридаги индикаторлар асосида таҳлил қилиш ва ҳудудий кенгашлар йиғилишларида мунтазам муҳокама қилиб бориши зарурлиги билдирилди.

Шунингдек, республика ташкилотлари томонидан ҳудудга оид маълумотларнинг тўғри ва ҳаққоний киритилганини ўрганиш ва мониторинг қилиб бориш борасида ҳам ҳудудий кенгашлар олдига аниқ вазифалар белгиланди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати