Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди, «Ижтимоий фикр» Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази ва Журналистларни қайта тайёрлаш маркази билан ҳамкорликда «Коррупциянинг олдини олишда фуқаролик жамияти институтларининг иштироки» мавзусидаги лойиҳалар тақдимоти ташкил этилди.
Унда Агентлик масъул ходимлари, мамлакатимизда фаолият юритаётган 40 дан ортиқ ННТлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Тадбирда 2021 йилда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги буюртмасига асосан, Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди томонидан маҳаллий нодавлат нотижорат ташкилотлари учун эълон қилинган грант танловлари доирасида амалга оширилган ишлар якунлари бўйича ҳисобот берилди ва белгиланган вазифалар ижроси муҳокама қилинди.
Дастлаб «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази томонидан «Коррупция ва коррупциявий ҳолатларнинг жамият ҳаётига тарқалганлик даражасини жамоатчилик онгида идрок этилишини баҳолаш» жамоатчилик фикри сўрови натижалари тақдимоти амалга оширилди.
Таъкидланганидек, сўров жараёнида мамлакатнинг барча ҳудудларида 18 ва ундан катта ёшдаги 1100 нафар фуқаро танлов асосида сўралди.
Тадқиқот доирасида жамоатчилик фикри сўровининг натижалари асосида фуқароларнинг коррупциявий келишувларда иштирок этишининг олдини олиш ҳамда давлат ва фуқаролик жамияти институтлари учун тегишли тавсиялар берилди.
Шундан сўнг Журналистларни қайта тайёрлаш маркази томонидан амалга оширилган «Фуқароларнинг коррупцияга қарши курашиш тўғрисида хабардорлигини ошириш: оммавий ахборот воситаларининг ўрни» лойиҳасининг тақдимоти амалга оширилди.
Мазкур лойиҳа доирасида Журналистларни қайта тайёрлаш маркази томонидан коррупция масалаларини оммавий ахборот воситаларида ёритиш, ушбу соҳадаги қонунчилик ва, журналистларнинг суриштирув маҳоратини ошириш бўйича 2022 йил январь-июль ойлари давомида 7 та ҳудудда (Бухоро, Самарқанд, Навоий, Қарши, Жиззах, Андижон, Тошкент. ш.) 164 нафар журналист, ННТ вакиллари ва блогерлар учун 2 кунлик тренинглар ўтказилди.
Шунингдек, лойиҳа доирасида журналистлар, ушбу йўналишда таълим олаётган талабалар қизиқувчиларига тарқатма материаллар учун лойиҳа мавзусида «Коррупцияга қарши қурашишда ОАВ ва фуқаролик жамияти фаоллигини ошириш омиллари» ўқув қўлланма тайёрланди. Қўлланмада коррупциянинг олдини олишда фуқаролик жамияти институтларининг иштироки, ОАВ ўрни ва роли тўғрисида маълумот улар томонидан амалга ошириладиган ишларнинг аниқ механизмлари тўғрисида маълумот берилади.
Бундан ташқари Ёшлар учун коррупциянинг олдини олиш бўйича видеоролик тайёрланиб, ижтимоий тармоқлар, ҳудудий телеканаллар, шунингдек тренинглар давомида намойиш этилди.
Журналистлар, ННТ вакиллар ва блогерлар ўртасида «Коррупциядан барчамиз жабрланамиз!» шиори остида материаллар шу жумладан, журналистик суриштирувлар, карикатуралар йўналишлари бўйича танлови ўтказилди.
Тақдимотлар натижасида грант лойиҳаларининг шаффофлиги таъминланди, шу билан бирга иштирокчи ННТлар коррупцияга қарши курашиш йўналишида амалга ошириладиган лойиҳани амалга ошириш шакллари, босқичлари, механизмлари тўғрисида хабардор бўлишди. Ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишади, таклиф ва тавсияларини билдиришди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати