Жорий йилнинг 21 сентябрь куни Агентлик раҳбарияти ва БМТ ГЖБнинг Венадаги вакили, Коррупцияга қарши таълим ва ёшларнинг имкониятларини кенгайтириш глобал ресурси (GRACE) бошқарувчиси Лулуа Ассад билан учрашув ташкил этилди.
Маълумот учун: БМТ Бош Ассамблеясининг 2021 йил июнь ойида Коррупцияга қарши кураш бўйича махсус сессиясида қабул қилинган Сиёсий декларациясига мувофиқ, UNODC GRACE – Коррупцияга қарши таълим ва ёшларнинг имкониятларини кенгайтириш бўйича глобал ресурс ташаббусини ишга туширилди.
GRACEнинг асосий мақсади ёшларнинг таълим, ҳуқуқ борасида билим олиш имкониятларини кенгайтиришга, уларда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишга кўникмаларни шакллантиришга қаратилган.
Учрашув давомида мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида олиб борилган ишлар, жумладан таълим, маърифат, кадрларни тайёрлаш, ўқитувчиларнинг малакасини ошириш ва ёшлар билан ишлаш жараёнлари ҳақида маълумот берилди.
Ўз ўрнида халқаро эксперт Лулуа Ассад томонидан GRACE ташаббусининг асосий вазифаси – таълим ва ҳамкорликнинг ўзгартирувчи кучидан фойдаланган ҳолда болалар ва ёшлар ўртасида коррупцияга қарши кураш маданиятини шакллантириш эканлиги таъкидланди. Бундан ташқари ташаббус бўйича келгусида амалга оширилиши режалаштирилаётган истиқболли режалар тўғрисида маълумот берди. Шунингдек, ташаббус доирасида яратилган соҳага доир ўқув-амалий семинар, тренинг дастурлари ва илмий-амалий қўлланмаларнинг мамлакатимизда жорий этиш истиқболлари юзасидан фикр алмашишди.
Шунингдек, томонлар келгусида ёшлар, университет тадқиқотчилари ва давлат хизматчилари учун коррупцияга қарши таълим жараёни, коррупцияни олдини олиш бўйича дастурларни яратиш ва тадқиқотлар юзасидан қўшма тадбирларни амалга ошириш каби йўналишларда ҳамкорлик олиб бориш масаласи ҳам музокаралар марказида бўлди.
Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни амалга оширишга келишиб олдилар.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати