Дастлаб Агентлик вакиллари томонидан коррупциявий хавф-хатарларни баҳолашнинг ҳуқуқий асослари тўғрисида тўхталиб ўтилди.
Маълумот учун: коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш — давлат ташкилотининг фаолиятини (вазифа ва функцияларини) таҳлил қилиш, мавжуд коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва ушбу хавф-хатарлар даражасини баҳолаш бўйича фаолият.
2022 йил 12 январда қабул қилинган “Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-81-сон қарор билан коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш индикаторлари белгиланган бўлиб, индикаторлардан бири сифатида коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш, баҳолаш ва уларни камайтириш бўйича чора-тадбирларнинг амалга оширилганлиги кўрсатилган.
2022 йил 11 майдаги “Давлат бошқаруви соҳасида коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этиш механизмларини такомиллаштириш ва ушбу соҳада жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-240-сон қарор билан жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шу жумладан уларнинг ҳудудий бўлинмалари, давлат унитар корхоналари ва муассасалари, давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотларнинг фаолиятида коррупциявий хавф-хатарларни мажбурий баҳолаш тартиби белгиланди.
Семинар давомида Ҳудудий кенгашлар аъзоларига коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш, баҳолаш тартиблари, мезонлари, даврийлиги, коррупциявий хатарлар харитаси, қайси ҳолатларда баҳолаш амалга оширилиши, баҳолаш натижалари бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар тўғрисида маълумот бериб ўтилди.
Шунингдек, коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш жараёнларида ягона амалиётни шакллантириш мақсадида Агентлик томонидан ишлаб чиқилган Коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш услубиёти иштирокчиларга таништириб ўтилди.
Ўз навбатида мазкур жараённи ҳудудлардаги ташкилотларда ҳам самарали жорий этишда ҳудудий кенгашлар иштирокининг аниқ механизмлари тўғрисида фикр алмашилди.
Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашлари давлат ташкилотлари раҳбарларининг коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш ва бартараф этиш бўйича ахборотларини эшитиш ва натижасига кўра камчиликларга йўл қўйган мансабдор шахсларга нисбатан тегишли жавобгарлик чораларини кўриш бўйича таклифлар киритиш ҳамда ижобий натижаларга эришган ҳудудлардаги давлат ташкилотларининг тажрибасини кенг оммалаштириш бўйича аниқ чораларни кўриши муҳим эканлиги қайд этилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати