Ижтимоий тармоқларда Пискент тумани ҳокими 1 триллион сўмга ер ижарага олганлиги тўғрисида хабарлар тарқалиб, унда, хусусан, Пискент тумани ҳокими Р.Рихсиев 2022 йил 6 сентябрь куни e-auksion платформаси орқали ўтказилган савдоларда Тошкент вилояти Оҳангарон тумани Марказий қўрғон маҳалласи ҳудудидаги 397,9 гектар ер майдонини 30 йилга ижарага бериш юзасидан ўтказилган савдоларда 999 млрд. 999 млн. 999 минг сўмлик таклифи билан ғолибликни қўлга киритганлиги баён қилинган.
Кейинчалик Р.Рихсиев ушбу хабарга муносабат билдириб, ўзи яйловни ижарага олиш ниятида бўлмаганини, онлайн аукцион тизимининг ишлашини ўз кўзи билан кўриш учун тажриба тариқасида шундай қилганини айтиб раддия билдирган.
Бироқ, шунга қарамасдан 2022 йил 13 сентябрь куни Р.Рихсиевнинг таъсисчилигида қишлоқ хўжалигига ихтисослашган “Animals Service” МЧЖ ташкил этилганлиги ва у (ўрганиш ўтказилган 23 октябрь ҳолатига) мазкур корхона таъсисчилигидан чиқмаганлиги маълум бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 6 мартдаги “Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш тақиқланган мансабдор шахсларнинг рўйхати тўғрисида”ги 103-сонли Қарорида давлат бошқарув органлари ходимлари тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши тақиқланган.
Шунингдек, 2022 йил 8 август куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонуннинг 13-моддасида давлат фуқаролик хизматчиси тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга ҳақли эмаслиги ҳақидаги қоида белгиланди (мазкур қонун 2022 йил 8 ноябрда кучга киради).
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 октябрдаги 595-сон қарори билан тасдиқланган Давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг намунавий қоидаларида давлат хизматчиларига тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш тақиқланиши ҳамда ушбу қоидаларнинг бузилиши қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ интизомий ва бошқа турдаги жавобгарликка тортиш учун асос ҳисобланиши кўрсатилган.
Шундан келиб чиққан ҳолда, Коррупция қарши курашиш агентлиги томонидан мазкур масалани чуқур таҳлил қилган ҳолда, қонунбузилиши ҳолатларини бартараф қилиш ҳамда тегишли чораларни кўришни сўраб Тошкент вилоят ҳокимлигига тақдимнома киритилди.
Таъкидлаш жоизки, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан давлат хизматчилари фаолиятида коррупциявий хавф-хатарлар, хусусан манфаатлар тўқнашувига йўл қўйганлик ҳолатлари тизимли равишда ўрганиб келинмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг сентябрь-октябрь ойларида Бухоро, Самарқанд, Жиззах, Навоий, Сирдарё, Қашқадарё, Сурхондарё, Наманган, Фарғона ва Хоразм вилоятларида давлат хизматчилари томонидан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келинаётганлиги ҳолатлари жойига чиққан ҳолда ўрганилди.
Ўрганиш натижаларига кўра, ушбу вилоятларда жами 1378 нафар давлат хизматчилари (138 нафари ҳоким ва ҳоким ўринбосарлари, 148 нафари давлат банклари бошқарувчиси ва уларнинг ўринбосарлари, 1092 нафари ҳоким ёрдамчилари) давлат хизмати билан бирга (раҳбар ёки таъсисчи сифатида) тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаётганлиги аниқланди.
Шунингдек, Агентлик томонидан давлат харидлари соҳасида ўтказилган ўрганишларда ҳудудларда давлат ташкилотларининг мансабдор шахслари ва уларнинг яқин қариндошларига тегишли корхоналар давлат харидларида иштирок этиб, ғолиб бўлганлиги аниқланди.
Хусусан, 2021-2022 йилнинг 6 ойи давомида Бухоро вилоятида 340 та ҳолатда 34,3 млрд сўмлик давлат харидларидан 19 та ҳолатда ташкилот раҳбари ва молиявий масалалар бўйича ўринбосарлари, 72 та ҳолатда бухгалтерия ходимлари, 24 та ҳолатда омбор мудири ва таъминот ходимлари, 30 та ҳолатда инженер ва техник назоратчилар, 20 та ҳолатда шартномаларни ҳуқуқий экспертизасини амалга оширувчи юристлар ва қолган ҳолатда бошқа ходимлар харид ижрочисининг таъсисчиси (бенефициари) бўлган.
Шу каби Сурхондарё вилоятида 155 та ҳолатда 16,1 млрд сўмлик давлат харидларидан 67 та ҳолатда бош ҳисобчи, ҳисобчи ва иқтисодчилар, 60 та ҳолатда хўжалик ва омбор мудирлари, 28 та ҳолатда бўлим бошлиқлари ва бошқа ходимлар харид ижрочисининг таъсисчиси (бенефициари) бўлганлиги аниқланди.
Масалан, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси томонидан 2021 йилда амалга оширилган Термиз шаҳридаги 6-мактаб биносини реконструкция қилиш бўйича 8 млрд. сўмлик давлат харидида ушбу компаниянинг етакчи мутахассиси таъсисчилигидаги масъулияти чекланган жамият билан тўғридан-тўғри шартнома тузилган.
Худди шундай, Самарқанд вилоятида 277 та ҳолатда 10,9 млрд. сўмлик, Фарғона вилоятида 158 та ҳолатда 8,1 млрд. сўмлик, Сирдарё вилоятида 20 та ҳолатда 1,6 млрд. сўмлик, Қашқадарё вилоятида 66 та ҳолатда 1,1 млрд. сўмлик, Навоий вилоятида 14 та ҳолатда 0,3 млрд.сўмлик давлат харидлари бўйича тузилган шартномаларда аффилланганлик ва манфаатлар тўқнашуви ҳолатларига йўл қўйилган.
Ушбу ҳолатларни бартараф қилиш ва келгусида йўл қўймаслик ҳақида тақдимномалар киритилди, шунингдек, давлат харидларида аниқланган қонунбузилиши ҳолатлари бўйича ҳуқуқий баҳо бериш учун прокуратура органларига юборилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан давлат хизматчилари томонидан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш орқали коррупциявий хавф-хатарларга йўл қўйилишининг олдини олиш ва бартараф этишга қаратилган тадбирлар давом эттирилмоқда.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати