Жорий йилнинг 3 ноябрь куни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори ўринбосари У.Тухташева ҳамда Корея Республикасининг Коррупцияга қарши курашиш ва фуқаролик ҳуқуқлари бўйича комиссияси (ACRC) раҳбарияти, шунингдек, БМТ ТДнинг Ўзбекистондаги доимий вакили М.Димовска ўртасида онлайн учрашув бўлиб ўтди.
Унда асосий эътибор фуқароларнинг коррупцияга оид мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, хабар берувчиларни ҳимоя қилиш ва уларни рағбатлантириш амалиётини ривожлантириш масалаларига қаратилди.
Хусусан, Ўзбекистонда фуқароларни коррупция фактлари тўғрисида тезкор хабардор қилиш имкониятларини кенгайтиришни назарда тутувчи “E-Anticor.uz” электрон платформасини ACRC томонидан ишлаб чиқилган “Clean Portal” (“Шаффоф портал”) платформасининг илғор ютуқлари, замонавий қулайликлари асосида модернизация қилиш ва бу борада тажриба алмашиш ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янги босқичда давом эттириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Мулоқотлар аввалида ACRCнинг Текширувни режалаштириш департаменти директори Жеонг Тек О “Clean portal”нинг ишлаб чиқиш жараёни вазифа ва мақсадлари, имконият ва қулайликлари хусусида батафсил маълумот берди.
Маълумот учун: 5 йил аввал ишга туширилган мазкур рақамли платформанинг асосий мақсади аҳолини хабар беришда фаоллигини ошириш ҳамда давлат сиёсатини ишлаб чиқиш учун асос бўлувчи фактларни йиғиш ҳисобланади.
Аҳоли дастур орқали коррупция тўғрисида кўп юборилаётган мурожаатлар тенденцияси, соҳалар ва ҳудудларда кесимида базага келиб тушган мурожаатлар сони ва ҳал этилганлиги юзасидан статистик маълумотларни олиш имконига эга.
Давлат органлари учун эса мурожаатларнинг мазмуни, соҳаси, органи, ОАВда эълон қилинган хабар ва мурожаатларнинг ҳал этилиши ҳолати, коррупция содир этганликда айбланиб, ишдан четлатилган давлат хизматчилари тўғрисида ва бошқа турдаги маълумотларни олиш қулайлиги яратилган.
Таъкидланишича, платформага кирувчилар коррупция ҳамда жамоатчилик манфаатларига зарар етказувчи ҳолатлар тўғрисида мурожаат қайси ташкилотга тааллуқлилигидан қатъий назар онлайн мурожаат қолдириши мумкин.Шунингдек, мурожаатчи ўзи учун компенсация (рағбатлантириш) ва ҳимоя сўрай олади. Рақамли тизим мурожаатчининг шахсий маълумотларини сир тутган ҳолда мурожаатни ишончли шахслар орқали қабул қилади.
Маълумот учун: “Clean Portal” дастури доирасида “Clean Forum” ойнаси ташкил этилган бўлиб, вазирлик ва идораларда коррупцияга қарши курашиш бўйича олиб борилган ишлар, шунингдек, коррупциявий омиллар тўғрисида маълумотларни очиқлаш ва алмашиш имконини беради.
Мазкур ойнада барча вазирлик ва идоралар ўзларида коррупцияга қарши курашиш бўйича олиб борилган ишлар тўғрисида маълумотларни (ички ҳужжатлар, коррупцияга оид ишлар, хавф-хатарларни баҳолаш натижалари) киритиб боради ҳамда фуқаролар улар билан танишиб чиқа олади.
Бугунги кунда 550 дан ортиқ давлат органлари ва ташкилотлари ушбу форумда маълумотларни киритиб боради.
Мулоқот мобайнида коррупция тўғрисидаги хабар йўллаш ва қайта ишлашнинг амалдаги механизмини баҳолаш, “Clean Portal” ёндашувини “E-Anticor.uz” электрон платформасига мослаштириш юзасидан ўзаро фикр алмашилди.
Агентлик ходимларига коррупция ҳолатлари ҳақида хабар беришнинг рақамли имкониятларини такомиллаштириш бўйича амалий тажриба ва кўникмаларга эга бўлиш имконини берувчи ўқув дастурларини ташкил этиш, Корея тажрибаси асосида Ўзбекистонда рақамли воситаларни такомиллаштириш бўйича ўзаро ҳамкорликда янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш масалалари кўриб чиқилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати