Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг таклифига асосан, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Бош прокуратура вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси БМТ Коррупцияга қарши конвенцияси обзори бўйича гуруҳ йиғилишлари, активларни қайтариш бўйича очиқ таркибдаги ҳукуматлараро ишчи гуруҳ ҳамда Конвенция доирасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича очиқ таркибдаги экспертларнинг ҳукуматлараро йиғилишларида иштирок этмоқда.
Тадбир Австрияда жойлашган Вена Халқаро марказида бўлиб ўтаётган бўлиб, унда 100 дан зиёд давлатлар иштирок этмоқда.
Йиғилишлар давомида Конвенция обзори механизми ишлар тартибини такомиллаштириш, Конвенцияга аъзо-давлатларни 2 босқич обзоридан ўтказиш масалалари ҳамда Конвенция доирасида 2023 йилда ўтказилиш режалаштирилган 10 Конференция ташкилий масалалари муҳокама қилинади.
Маълумот учун: бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Конвенциянинг 2 босқич обзоридан ўтаётган бўлиб, Нигерия ва Мальдив давлатлари коррупцияга қарши курашиш идоралари вакиллари ҳамда БМТ ГЖБ экспертлари томонидан Конвенциянинг II ва V боблари Ўзбекистонда имплементация қилинганлик масалалари ўрганилмоқда.
5 иш куни давомида бўлиб ўтадиган тадбирларда Конвенцияга аъзо-давлатлар томонидан мазкур халқаро ҳужжат бажарилиш масалалари бўйича дуч келаётган муаммо ва қийинчиликлар, илғор тажриба ҳамда обзор механизмини такомиллаштириш бўйича фикр-мулоҳазалар муҳокама қилинади.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот агентлиги