Жорий йилнинг 8 ноябрь куни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Конрад Аденаур номидаги жамғарманинг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси кўмагида “E-anticor.uz” электрон платформасидан фойдаланиш тартиби ва коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш амалиёти” мавзусида икки кунлик семинар-тренинг машғулотлари бошланди.
Семинар-тренингдан кўзланган асосий мақсад халқаро ташкилотлар ва хорижий экспертларни жалб этган ҳолда давлат ташкилотларида коррупциявий хавф-хатарларни баҳолашга масъул (100 нафар) ходимлар учун рейтинг баҳолаш, шу жумладан, электрон платформадан фойдаланиш тартибини тушунтириш, уларнинг бу борадаги билим ва кўникмаларини оширишдан иборат бўлди.
Машғулотларда давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг ҳудудий ва таркибий бўлинмаларида коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш амалиёти юзасидан тақдимот ўтказилди.
Маълумот учун: коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш — давлат ташкилотининг фаолиятини (вазифа ва функцияларини) таҳлил қилиш, мавжуд коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва ушбу хавф-хатарлар даражасини баҳолаш бўйича фаолият.
Таъкидланганидек, 2022 йил 12 январда қабул қилинган “Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-81-сон қарор билан коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш индикаторлари белгиланган бўлиб, индикаторлардан бири сифатида коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш, баҳолаш ва уларни камайтириш бўйича чора-тадбирларнинг амалга оширилганлиги кўрсатилган.
Маълумки, 2022 йил 11 майдаги “Давлат бошқаруви соҳасида коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этиш механизмларини такомиллаштириш ва ушбу соҳада жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-240-сон қарор билан жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шу жумладан уларнинг ҳудудий бўлинмалари, давлат унитар корхоналари ва муассасалари, давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотларнинг фаолиятида коррупциявий хавф-хатарларни мажбурий баҳолаш тартиби белгиланди.
Коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш жараёнларида ягона амалиётни шакллантириш мақсадида Агентлик томонидан Коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш услубиёти ишлаб чиқилди ва жорий йилнинг 31 август куни тасдиқланди.
Семинар-тренингда иштирокчилар мазкур Услубиёт билан яқиндан таништирилди.
Унга кўра, давлат ташкилоти томонидан коррупциявий хавф-хатарлар ҳар йили 1 мартгача баҳоланади. Давлат ташкилоти фаолиятидаги (вазифа ва функциялардаги) коррупциявий хавф-хатарлар ички ва ташқи ахборот манбалари асосида аниқланиб, коррупциявий хавф-хатарларнинг даражаси паст, ўрта, юқори ўлчовларда баҳоланади.
Коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш натижалари асосида давлат ташкилотининг умумлаштирилган коррупциявий хавф-хатарлар харитаси ишлаб чиқилади ва “E-anticor.uz” электрон платформасига ҳар йили 1 февралга қадар киритилади.
Платформада жойлаштирилган давлат ташкилотларининг коррупциявий хавф-хатарлар харита лойиҳалари асосида автоматик равишда коррупцияга мойил бўлган муносабатлар электрон реестри шакллантирилади.
Давлат ташкилоти раҳбари ҳар йили 1 мартгача коррупциявий хавф-хатарлар харитаси ҳамда коррупцияга қарши курашиш бўйича дастурини “E-anticor.uz” электрон платформаси орқали тасдиқлайди.
Семинар-тренингда, шунингдек, давлат ташкилотлари фаолиятида коррупциявий ҳавф-хатарларни баҳолаш ҳамда давлат ташкилотлари фаолиятини коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолашдан ўтказиш амалиётлари бўйича хорижий тажриба, Рейтинг баҳолаш йўналишлари ва индикатор кўрсаткичларини таҳлил қилиш усуллари ва аниқ мезонлари ҳам кўриб чиқилди.
Машғулотлар мобайнида Гонконг Коррупцияга қарши мустақил комиссияси Коррупциянинг олдини олиш департаменти директори ўринбосари Кенни Фок томонидан (онлайн шаклда) давлат ташкилотлари фаолиятида коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш бўйича мазкур мамлакат тажрибаси юзасидан тақдимот қилинди.
Семинар-тренингда давлат ташкилотларига коррупцияга қарши курашишга оид тегишли ички идоравий ҳужжатлар ишлаб чиқиш ҳамда амалиётга татбиқ этишда услубий ва амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида Агентлик томонидан тайёрланган Коррупциявий ҳавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолашнинг ҳуқуқий асослари, Коррупцияга қарши кураш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизими орқали рейтинг баҳолашдан ўтиш бўйича тавсиялар тўплами иштирокчиларга тақдим этилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати