Давлат фуқаролик хизматчиси томонидан хизмат сафарлари, халқаро ва бошқа расмий тадбирлар муносабати билан олиниши мумкин бўлган совға қиймати, шунингдек уни тасарруф этиш тартиби тўғрисидаги Низом лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси (regulation.gov.uz)га қўйилди.
Унга кўра:
Давлат фуқаролик хизматчиси хизмат сафарлари, халқаро ва бошқа расмий тадбирлар муносабати билан унга тақдим этилган ҳар қандай совға тўғрисида 3 иш куни ичида давлат органининг коррупцияга қарши курашиш бўйича ички назорат тузилмасига хабар беради.
Коррупцияга қарши курашиш бўйича ички назорат тузилмаси томонидан совғанинг қийматини аниқлаш ва баҳолаш амалга оширилади.
Давлат фуқаролик хизматчиси томонидан хизмат сафарлари, халқаро ва бошқа расмий тадбирлар муносабати билан олиниши мумкин бўлган совға қиймати миқдори БҲМнинг 5 баравари этиб белгиланмоқда.
Совғанинг миқдори ушбу низом билан белгиланган миқдордан ошган тақдирда, белгиланган миқдордан ошган қисми давлат фуқаролик хизматчиси томонидан давлат ташкилотига тўлов қилиш орқали совға сотиб олинади ва тасарруф этилади ёки давлат фуқаролик хизматчиси совғанинг белгиланган миқдордан ошган қисмига тўлов қилиб сотиб олишни рад этса, давлат органи ёки ташкилоти тасарруфига ўтказилади.
Эслатиб ўтамиз: “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги ЎРҚ-788-сон Қонунининг 18-моддасига кўра, давлат фуқаролик хизматчилари хизмат сафарлари вақтида, шунингдек халқаро ва бошқа расмий тадбирлар муносабати билан совғалар олиши мумкин.
Давлат фуқаролик хизматчисининг хизмат ваколатларини жисмоний ва юридик шахслар манфаатларини кўзлаб бажариш ёки бажармаслик эвазига улардан ҳар қандай совғалар олиши тақиқланади.
Жамоатчилик муҳокамаси жорий йилнинг 22 ноябрь санасига қадар давом этади.
Муҳокамаларда таклифларингиз билан иштирок этинг, давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган қонунчилик фаолиятида иштирок этинг!
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати