Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан давлат органларининг очиқликни таъминлашга оид мажбуриятларга риоя этиши масофавий мониторинг тартибида мунтазам ўрганиб келинмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг III чораги якуни бўйича давлат органлари томонидан ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларни белгиланган ахборот ресурсларида эълон қилиниши ўрганиб чиқилди.
Натижаларга кўра, мониторинг қилинган 132 та вазирлик ва идоралардан 77 таси тегишли ахборот ресурсларида эълон қилиниши лозим бўлган маълумотларнинг 50 фоиздан юқори кўрсаткичларда, қолган 63 таси эса ярмидан (50 фоиз) кам кўрсаткичларда жойлаштирган.
Маълумот учун: очиқ маълумотларнинг 14 таси барча давлат органлари, 1 таси ҳудудий ҳокимликлар ва 20 таси аниқ белгиланган 12 та вазирлик ҳамда идоралар томонидан эълон қилиб борилиши лозим.
“Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонуннинг 26-моддасида давлат харидларини режалаштириш ҳақидаги маълумотларни эълон қилиб бориш тартиби белгиланган.
Шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-6247-сон фармонида давлат органлари харид қилиниши режалаштирилган товарлар (ишлар, хизматлар) тўғрисидаги маълумотларни (6 ой олдин) ўз расмий веб-сайтида эълон қилиб бориши лозимлиги кўрсатиб ўтилган.
Мониторингда 74 та вазирлик ва идоралар, 9 та маҳаллий ҳокимликлар ушбу маълумотларни ўз расмий веб-сайтида эълон қилмагани маълум бўлди.
Шу каби камчиликларга фармонда белгиланган давлат харидлари ва хизмат автомототранспорт воситалари, бошқа кўчмас мулклар ҳақидаги маълумотларни эълон қилинишида ҳам йўл қўйилган.
Мисол учун, мониторинг қилинган давлат органларининг 68 таси давлат харидлари тўғрисидаги ва 62 таси хизмат автомототранспорт воситалари ҳамда бошқа кўчмас мулклар ҳақидаги маълумотларни ўз расмий веб-сайтида эълон қилинишини таъминламаган.
Қонунчиликка асосан, очиқ эълон қилиниши лозим бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар давлат органларининг расмий веб-сайти бош саҳифасида алоҳида бўлимга жойлаштириш тартиби белгиланган.
Ўтказилган мониторингда 88 та давлат органи мазкур талабга тўлиқ риоя этмаган бўлса, 37 тасида ушбу тоифадаги маълумотларни расмий веб-сайтнинг бош саҳифасидан бошқа манзилга жойлаштирган.
Мониторинг давомида аниқланган камчиликларни бартараф қилиш чоралари кўрилмоқда.
Жорий йилнинг 9 ойи давомида Агентлик томонидан мониторинг давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича давлат органлари ва ташкилотларига 16 тақдимнома ва 40 огоҳлантириш юборилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати