Жорий йилнинг 14 ноябрь куни Агентлик раҳбарияти Халқаро валюта жамғармасининг Ўзбекистон бўйича миссияси раҳбари Р.Роден бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Маълумот учун: Икки томон вакиллари ўртасида жорий йилнинг апрель ойида учрашув ўтказилиб, унда Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш сиёсатининг олиб борилиши, бу борада Агентликнинг вазифа ва ваколатлари хусусида ўзаро фикр алмашилган эди.
Мулоқотни Агентлик директори ўринбосари У.Тухташева очиб, коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги сўнгги ислоҳотлар жараёни, хусусан, қонунчиликдаги аксилкоррупция сиёсатини амалга оширишда Агентлик ва бошқа мутасадди органлар фаолиятида энг муҳим янгилик ва ўзгаришлардан хабардор этди.
Жумладан, давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизими йўлга қўйилганлиги, давлат органлари ва ташкилотларида очиқлик сиёсатини йўлга қўйиш бўйича амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги, Очиқлик индекси жорий этилиши, давлат харидлари соҳасини тартибга солишдаги ишлар ва янгиликлар ҳақида тўлиқ маълумот бериб ўтдилар.
Халқаро ташкилот вакили Р.Руден жуда қисқа вақт ичида эришилган бу каби ютуқларга юқори баҳо берди.
Жамғарма вакиллари томонидан давлат хизматчиларининг даромад ва мол-мулкини декларация қилиш тизими жорий этилишининг бугуни кундаги ҳолати, очиқ маълумотлар рўйхатини кенгайтириш, давлат харидларини амалга оширишда ўрта ва кичик тадбиркорлик субъектлари иштирокини ошириш, мазкур йўналишдаги муаммо ва камчиликларни бартараф этиш борасида олиб борилаётган чора-тадбирларга ҳам алоҳида қизиқиш билдирилди.
Мулоқот мобайнида, шунингдек, коррупцияга қарши курашувчи органлар, фуқаролик жамияти институтлари, хусусан, оммавий ахборот воситалари билан Агентлик ўртасида олиб борилаётган ишлар ва ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати