Жорий йилнинг 16 ноябрь кунидан бошлаб Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Франция давлатида амалий ташриф билан бўлиб турибди.
Хусусан, ташрифнинг дастлабки куни Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ)нинг Коррупцияга қарши тармоғи (ACN) томонидан Шарқий Европа ва Марказий Осиё минтақасида коррупцияга қарши курашиш бўйича қарор қабул қилувчиларнинг Юқори даражадаги учрашуви бўлиб ўтди.
Маълумот учун: Мазкур олий даражадаги йиғилишда коррупцияга қарши курашиш бўйича кенгашлар ва парламент қўмиталари раислари, вазирлар ҳамда коррупцияга қарши курашиш ва ҳалолликка масъул идоралар раҳбарлари, коррупцияга қарши курашишга ҳисса қўшаётган жамоатчилик ташкилотлари етакчилари иштирок этмоқда.
Учрашувда Агентлик директори А.Бурханов томонидан юртимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида олиб борилаётган институционал ислоҳотлар, жумладан, давлат хизматига ҳалоллик стандартларини жорий этиш, давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, давлат харидлари ва тадбиркорлик соҳасида ҳалоллик тамойилларини жорий қилиш ҳамда коррупциявий жиноятлар учун жавобгарликни кучайтириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва ўзгаришлар тўғрисида маълумот берилди.
“Коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олишда илғор халқаро стандартларни жорий этиш миллий қонунчиликни янада такомиллаштириш ва институционал ислоҳотларни амалга ошириш, шунингдек, эришилган ютуқларни объектив баҳолаш, мавжуд қийинчиликларни аниқлаш ва уларни бартараф этишга хизмат қилади” - А.Бурханов.
Шу билан бирга, учрашув давомида коррупцияга қарши курашишда халқаро ва минтақавий ҳамкорлик кўламини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати