Коррупцияга қарши курашиш агентлиги вакили Япониянинг халқаро ҳамкорлик агентлиги JICA (Japan International Cooperation Agency) томонидан “Коррупциявий жиноятлардан олинадиган даромадларни аниқлаш, уларни хатлаш ва мусодара қилиш: муаммолар ва ечимлар” мавзусида ташкил этилган ўқув курсида иштирок этмоқда.
Мазкур ўқув курси 20 дан ортиқ давлатнинг коррупцияга қарши курашиш, прокуратура ва суд органлари вакилларини ўзида жамлаган.
Унда коррупцияга қарши курашишга масъул бўлган идоралар ходимларининг иқтисодий соҳадаги коррупциянинг олдини олиш, хусусан, коррупциявий жиноятлардан олинадиган даромадларни аниқлаш, уларни хатлаш ва мусодара қилишга қаратилган самарали чоралар бўйича билимларини оширишга қаратилган тақдимот ва машғулотлар бўлиб ўтмоқда.
Шунингдек, шу кунга қадар Япония, Бразилия, Таиланд, Миср, Покистон ва Қозоғистон давлатларининг иштирокчилари коррупцияга қарши курашишга масъул органлар фаолияти, соҳадаги қонунчилик тизими, коррупцияга оид жиноятларни тергов қилиш ва ўғирланган активлар (мулклар)ни қайтариш масалаларида ўз мамлакатлари тажрибаси билан таништириб ўтди.
Агентлик вакили ҳам ўқув курси иштирокчиларига мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, коррупцион ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва бартараф этиш, сабаб ва шарт-шароитларини аниқлашга қаратилган ижобий ўзгаришлар ва янгиликлар хусусида тақдимот қилди.
Шу каби тақдимотлар орқали иштирокчилар коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги халқаро тажриба ва амалиётнинг илғор ютуқлари билан яқиндан таништирилмоқда, шунингдек, мавжуд муаммо ва камчиликларни таҳлил этилиб, аниқ амалий таклифлар ишлаб чиқилмоқда.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати