Жорий йилнинг 2 декабрь куни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши ҳамда БМТ ТД ҳамкорлигида Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашлари учун “Ҳудудларда давлат органларининг коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали мувофиқлаштириш” мавзусида семинар ўтказилди.
Унда Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашлари котиблари, Кенгаш таркибидаги ННТлар ва кенгашга масъул котибият ходимлари иштирок этди.
Маълумот учун: Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашлари Миллий кенгаш қарорига асосан, 2021 йилда 14 та ҳудудий бирликда ташкил этилган.
Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашининг асосий мақсади коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг ҳудудларда амалга оширилишини мувофиқлаштириб бориш ҳисобланади.
Ҳудудий кенгашлар ҳудудий бошқармалар раҳбарлари, депутатлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва бизнес ҳамжамияти вакилларидан иборат коллегиал органдир.
Мазкур тадбир ҳудудий кенгашлар фаолияти самарадорлигини ошириш, кенгаш масъул котиблари ва бошқа аъзоларининг кенгашлар фаолиятини тўғри ташкил этишга оид кўникмаларини юксалтириш, ҳудудий кенгашлар ўртасида тажриба алмашиш, ўзаро мулоқотни яхшилаш ва йўл қўйилаётган камчиликларни ҳамкорликда бартараф этиш мақсадида ташкил этилди.
Семинар давомида дастлаб ҳудудий кенгашлар олдида турган долзарб масалалар ва уларни бартараф этиш юзасидан кўрилиши лозим бўлган чоралар ҳақида фикр алмашилди. Фаолияти ижобий йўлга қўйилган ҳудудий кенгашлар фаолиятининг тақдимоти амалга оширилди.
Шунингдекс, семинар мобайнида ҳудудий кенгашлар фаолиятини намунали ташкил этиш, Миллий кенгаш ва Агентлик, шунингдек, ҳудудий давлат органлари ва ташкилотлар билан ишлаш, ННТ, ОАВ ва жамоатчилик билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш, коррупцияга қарши курашишда жамоатчилик назоратини таъминлаш масалаларида иштирокчиларга батафсил маълумот берилди.
Хусусан, ҳудудий кенгашлар фаолиятини рейтинг баҳолаш методикасига асосан ишни ташкил этиш масалалари муҳокама этилиб, бу борада ишни наъмунали ташкил этган кенгаш аъзоларининг тақдимотлари ўтказилди.
Бундан ташқари, ҳудудий кенгашлари аъзолари учун жамоатчилик мониторинги ва жамоатчилик эшитувини самарали ташкил этишнинг муҳим жиҳатлари хусусида ўзаро фикр алмашилди.
Семинар мобайнида халқаро экспертлар томонидан ҳудудий кенгашларнинг фуқаролик жамияти ва оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлиги, коррупцияга қарши лойиҳа ва дастурларни амалга оширишда гендер ёндашуви, хусусан, маҳаллий ташаббусларини қандай ривожлантириш кераклиги юзасидан зарур билимлар, амалий тавсиялар берилди.
Маҳаллий даражада коррупцияга қарши кураш органларининг ишини мувофиқлаштириш ва бу борада Финляндия тажрибаси оид тақдим этилган муҳим маълумотлар ҳам иштирокчилар учун аҳамиятли бўлди.
Тадбир якунида иштирокчилар томонидан кенгаш фаолиятини жонлантириш ва самарадорлигини оширишга қаратилган амалий таклифларни ишлаб чиқиш ва фаолиятларига жорий этиш вазифаси юклатилди.
Семинар иштирокчиларига сертификат топширилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати