Президент Шавкат Мирзиёевнинг Конституция куни муносабати билан Ўзбекистон халқига байрам табригида Конституция нормаларини ҳаётга татбиқ этиш бўйича амалга оширилган ислоҳотлар билан биргаликда олдимизда турган устувор вазифаларга ҳам тўхталиб ўтилди.
Жумладан, устувор мақсадлар йўлидаги қилиниши лозим бўлган энг муҳим бешта масала қаторида коррупция иллатини бартараф этиш вазифасига алоҳида урғу берилди. Мазкур йўналишдаги ишларни тизимли ва комплекс давом эттириш учун 2021-2025 йилларга мўлжалланган Коррупцияга қарши курашиш миллий стратегияси устида иш олиб борилаётгани ҳам таъкидланди.
Ушбу стратегияни ишлаб чиқишда реал вазиятни тўлиқ қамраб олган яхлит ва бир бутун режа бўлишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Беш йилга мўлжалланган комплекс дастурий ҳужжатни ишлаб чиқиш ва уни амалга ошириш жараёнида муваффақиятли натижага эришган давлатлар тажрибаси ўрганилмоқда. Эътиборли жиҳати, аксар давлатлар коррупцияга қарши курашишда шу каби стратегик комплекс ҳужжатларни қабул қилиш ва ундаги вазифаларни тизимли тадбиқ этиш орқали сезиларли ижобий натижага эришмоқда.
Масалан, Норвегия 2004 йилда, Жанубий Африка Республикаси 2016 йилда, Буюк Британия 2017 йилда, Италия 2018 йилда, Малайзия 2019 йилда, МДҲ давлатлари орасида Россия Федерацияси 2008 йилда, Қозоғистон 2015 йилда, Украина эса 2020 йилда коррупцияга қарши курашиш стратегиясини ишлаб чиққан.
Бундан ташқари, Грузиянинг коррупцияга қарши курашиш миллий стратегияси ва ҳаракатлар режаси 2005 йилда тасдиқланиб, ушбу хужжатлар орқали коррупцияга қарши курашиш юзасидан кескин чора-тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, корруцияга муросасизликни шакллантириш, бизнес муҳитни яхшилаш, халқаро стандартларни имплементация қилиш ва жамоатчилик назоратини кучайтириш чоралари кўрилди, коррупциявий жиноятлар учун жазо тизими оғирлаштирилди.
Миллий стратегия қабул қилингандан кейин Грузиянинг халқаро индекслардаги ўрни кескин юқорилади. Масалан, “Transparency international”нинг рейтингида 2005 йилда 23 балл билан 130-ўринни эгаллаган бўлса, 2008 йилга келиб, 39 балл билан 69-ўринга чиқиб олди.
Эстония Республикаси мустақилликка эришгандан сўнг дастлабки йиллардан бошлаб, коррупцияга қарши курашиш бўйича турли хил дастурларни ишлаб чиқиб, амалга оширди. Жумладан, Болтиқбўйи давлатлари коррупцияга қарши курашиш дастури (2004 йил), 2004-2007 йиллар учун “Адолатли давлат” коррупцияга қарши курашиш миллий стратегияси, 2008-2012 йиллар ва 2013-2020 йиллар учун коррупияга қарши курашиш миллий стратегиялари қабул қилинган. Мазкур дастурлар натижасида Эстониянинг бу борадаги халқаро рейтинглари доимий юқори даражада бўлиб қолмоқда. 1998 йилда “Transparency international”даги коррупцияни қабул қилиш индексида 57 балл бўлган бўлса, 2009 йилда 66 баллгача кўтарилган.
2009 йилда рўй берган молиявий инқироздан сўнг, Греция Республикаси Халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан ҳамкорликда коррупцияга қарши курашиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишни бошлади. 2010 йилдан бошлаб шаффофликни таъминлашга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. 2012 йилда Европа Комиссияси билан ҳамкорликда Коррупцияга қарши курашишда йўл харитаси ишлаб чиқилди ва 2013 йилда Миллий коррупцияга қарши курашиш стратегияси қабул қилинди. Миллий стратегиялар доимий қабул қилиниб келинади. Натижада, Греция “Transparency international”даги коррупцияни қабул қилиш индексида 2011 йилда 35 балл бўлган бўлса, 2015 йилда 46 баллгача кўтарилган.
Стратегияда белгиланаётган асосий йўналишлар
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ишлаб чиқилаётган стратегия лойиҳасида ҳам узоқ ва яқин муддатларга мўлжалланган бир қатор стратегик масалалар ўрин олган.
Стратегия лойиҳасидан, жорий ҳолат таҳлили, ижобий тенденциялар, муаммолар, коррупцияни келтириб чиқараётган асосий омиллар, мақсад ва унинг индикаторлари ўрин олган.
Хусусан, унда давлат хизматида, шунингдек хусусий сектор ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш, самарали жамоатчилик назоратини ўрнатиш, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда коррупциянинг олдини олиш, ушбу соҳада халқаро ҳамкорликни ривожлантириш каби масалалар ўрин олган.
Стратегияда қуйидаги асосий йўналишлар қамраб олинмоқда:
1. Суд ҳокимияти мустақиллиги ва самарадорлигини таъминлаш;
2. Давлат хизматчилари томонидан мол-мулкни мажбурий декларация қилиш;
3. Манфаатлар тўқнашувини тартибга солувчи қоидаларни ишлаб чиқиш;
4. Давлат ҳокимияти вакиллари ва фуқаролар ўртасидаги муносабатларда инсон омилини максимал даражада камайтириш;
5. Давлат хизматига қабул қилишнинг очиқ ва шаффоф механизмларини жорий этиш, ишга қабул қилишнинг аниқ стандарт ва тартибларини белгилаш;
6. Давлат хизматчилари учун етарли иш ҳақи, ижтимоий ҳимоя билан таъминлаш;
7. Давлат бошқарувида номарказлаштириш ишларини жадаллаштириш;
8. Назорат қилувчи органлар учун бюджет жараёнларининг шаффофлигини ошириш;
9. Солиқ маъмурчилигининг очиқлигини ошириш.
Бундан ташқари, Стратегияда қонунчилигимизга қатор халқаро шартнома ва конвенцияларнинг нормаларини сингдириш масаласи ҳам ўрин олади. Мансабдор шахс томонидан ноқонуний тарзда бойлик орттирганлик учун жиноий жавобгарлик чораларини белгилаш, собиқ давлат идораси мансабдор шахсларининг фаолияти давомида бошқарув ва назорат соҳасида маълум бир фаолият турлари билан шуғулланмаслик талабини ўрнатиш, хорижий давлат мансабдор шахсларига ва халқаро давлат ташкилотларининг мансабдор шахсларига пора берганлик учун жиноий жавобгарлик белгилаш масалалари шулар жумласидандир.
Ушбу стратегиянинг ҳаётга самарали жорий этилишини таъминлаш ҳамда айрим бандлари ижросиз қолиб кетмаслигини эътиборга олган ҳолда, Стратегияни ҳаётга татбиқ этишни баҳолаш ва мониторинг қилиш бўйича махсус индикаторларни ишлаб чиқиш назарда тутилган.
Коррупция бу - давлатимизни ич-ичидан емириб, миллий хавфсизлигимизга рахна соладиган ғоят хатарли таҳдиддир. Шу боисдан, 2021-2025 йилларга мўлжалланган Коррупцияга қарши курашиш миллий стратегияси унга қарши муросасиз кураш йўналишларини мувофиқлаштирувчи умумий ҳужжат сифатида яқин келажакда Ўзбекистондаги бу борадаги ҳолатни ижобий томонга ўзгартиришга хизмат қилади.