Ўзбекистон Республикаси “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги ЎРҚ-788-сон қонунининг (2022 йил 8 августда қабул қилинган, 10 ноябрда кучга кирган) 18-моддасида давлат фуқаролик хизматчиси томонидан хизмат сафарлари, халқаро ва бошқа расмий тадбирлар муносабати билан олиниши мумкин бўлган совға қиймати, шунингдек уни тасарруф этиш тартиби коррупцияга қарши курашиш бўйича махсус ваколатли давлат органи томонидан белгиланиши кўрсатилган.

Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида Агентлик томонидан “Давлат фуқаролик хизматчиси томонидан хизмат сафарлари, халқаро ва бошқа расмий тадбирлар муносабати билан олиниши мумкин бўлган совға қиймати, шунингдек, уни тасарруф этиш тартиби тўғрисида”ги низом лойиҳаси ишлаб чиқилиб, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан келишилди ҳамда жамоатчилик муҳокамаси натижаларига кўра билдирилган таклиф ва эътирозлар асосида такомиллаштирилди.

Жорий йилнинг 31 январь куни ҳужжат лойиҳаси Давлат хизматларини ривожлантириш агентлиги, Адлия вазирлиги ва Касаба уюшмалари федерацияси масъуллари иштирокида ишчи тартибда муҳокама қилинди.
Ҳужжат лойиҳаси яқин кунларда Адлия вазирлиги томонидан ҳуқуқий экспертиза ва давлат рўйхатидан ўтказилиши кутилмоқда.